Жаҳон | 19:43 / 18.11.2022
8542
2 дақиқада ўқилади

Space Perspective одамларни ҳаво шарида коинотга учиради

Американинг Space Perspective компанияси одамларни Space Neptune капсуласида коинотга учиришни режалаштирмоқда.

Фото: Space Perspective

Капсула футбол майдони ўлчамидаги ҳаво шари ёрдамида коинотга етказилади. Компания хавфсиз ва экологик тоза саёҳатни, шунингдек, стратосферадан Ернинг «ақлдан оздирувчи» кўринишларини ваъда қилмоқда.

Ҳашаматли капсула ҳаммом, бар ва Wi-Fi билан таъминланган. У саккиз нафар сайёҳни коинотга етказиш учун мўлжалланган. Парвоз давомийлиги олти соат, парвоз нархи 125 минг долларга тенг. 2024 йилга мўлжалланган биринчи парвоз чипталари аллақачон сотилган, аммо 2025 йил учун жойлар ҳали ҳам мавжудлиги айтилмоқда.

Парвоз денгиздан амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг учун Space Perspective транспорт кемаларини сотиб олади ва уларни сузувчи космодромга айлантиради. Биринчи бундай кема Лос-Анжелесдаги Edison Chouest Offshore компаниясидан сотиб олинди ва MS Voyager номини олди.

Денгиз космодромлари парвоз учун идеал шароит яратади, деб ёзади Space Perspective. Қуруқликдаги анъанавий космодромлардан фарқли ўлароқ, кемалар об-ҳаво яхши бўлган ҳудудларга кўчиб ўтиши мумкин ва бу сайёҳларни йил давомида, қуёш чиқиши ва қуёш ботишида коинотга учиришга имкон беради. Бундан ташқари, парвозлар дунёнинг турли бурчакларида амалга оширилиши мумкин, шунда сайёҳлар космосга ва орқага қайтишда Ернинг турли қисмларини кўриши мумкин бўлади.

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид