Жаҳон | 19:07 / 19.11.2022
47702
2 дақиқада ўқилади

Россияда қотилликда гумонланган Ўзбекистон фуқароси айбини тан олди

Москва шаҳрида 29 ёшли қизни пичоқлаб ўлдирганликда гумонланган Ўзбекистон фуқароси айбига иқрор бўлди.

Фото: Столичный СК

Москва шаҳрининг Зюзино тумани, Севастопол проспектида 1993 йилда туғилган Юлия Ткачёвани ўлдирганликда гумонланиб қўлга олинган шахс айбига тўлиқ иқрор бўлиб, жиноят тафсилотларини айтиб берди. Бу ҳақда Москва Тергов қўмитаси хабар қилди.

«Газета.uz» нашрининг Россия Тергов қўмитасига таяниб хабар беришича, унинг исми шарифи Шоҳрухбек Каримов бўлиб, Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади.

Қайд этилишича, 17 ноябр куни Ткачёва полиция бўлимига мурожаат қилиб, ёш йигит уни таъқиб қилаётгани ва кўчага чиқишга қўрқиб қолганини айтган. 18 ноябр куни эса Севастопол проспектида унинг жасади топилган. Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлар натижасида гумондор Тамбов вилоятида ушланган.

Унга нисбатан Россия Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми билан жиноят иши очилиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Бу модда бўйича максимал жавобгарлик 15 йиллик қамоқ жазосини назарда тутади.

Юлия Ткачёва қотилликдан бир кун олдин полицияга мурожаат қилган бўлса-да, нега ҳимояга олинмагани ҳақида хабарда маълумот берилмаган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид