Жаҳон | 23:13 / 19.11.2022
15706
2 дақиқада ўқилади

Украина Херсондан фуқароларининг эвакуациясини бошлади 

Ҳудудларнинг Россия томонидан ўққа тутилиши эҳтимоли юқорилиги сабабли, аҳолини эвакуация қилиш мақсадга мувофиқ деб топилган. 

Фото: Укрзалізниця

Украина бош вазири ўринбосари, вақтинча босиб олинган ҳудудлар реинтеграцияси бўйича вазир Ирина Верешчук сўзларига кўра, Херсон вилоятининг Россия босқинидан озод қилинган ҳудудларида фуқаролар эвакуацияси бошланди. 

Унинг сўзларига кўра, эвакуация қилишнинг бир нечта вариантлари мавжуд. 

«Кўпчилик эвакуация қилиниш истагини билдирган. Улар яшаш жойлари ўққа тутилаётганини айтишди. Кексалар ҳам кўп. Улар эвакуация қилиш учун ёрдамга муҳтож. Бизнинг вазифамиз ўша одамларга ёрдам бериш. Биз Николаев ёки Кривой Рогдан одамларни ғарбий вилоятларга кўчирамиз, бунинг учун восита ва тажрибамиз бор», деди Верешчук. 

Дастлабки босқичда Херсон аҳолиси Николаев шаҳрига жойлаштирилади. Кейинчалик ғарбий ҳудудларга эвакуация қилинади. 

Ҳозирги вақтда Херсон вилоятининг озод қилинган аҳоли пунктларида барқарорлаштириш чоралари кўрилмоқда, миналардан тозалаш учун сапёрлар ишламоқда. 

Аввалроқ Херсон вилояти раҳбари Ярослав Янушевич озод қилинган ҳудудлар аҳолисини душман томонидан ўққа тутилиш эҳтимоли юқорилиги сабабли эвакуация қилишга чақирган эди.

Сардор Юсупов
Муаллиф Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид