Жаҳон | 17:31 / 20.11.2022
24936
12 дақиқада ўқилади

Қозоғистондаги президентлик сайловлари: Тўқаев номсиз номзодларга қарши

Якшанба куни Қозоғистон аҳолиси навбатдан ташқари президентлик сайловларида овоз бермоқда. Бу сайловларни ўтказиш қарорини мамлакатнинг амалдаги президенти – 69 ёшли Қосим-Жўмарт Тўқаев қабул қилганди, таҳлилчилар фикрича, шу тариқа у ўз ҳокимиятини легитимлаштирмоқчи. Тўқаев – асосий номзод ва ҳатто рақиблари унинг ғалабасини башорат қилмоқда.

Фото: Reuters

Сайлов участкалари маҳаллий вақт билан соат 20:00 га қадар очиқ бўлади, дастлабки натижалар тун ярмига бориб чиқа бошлаши кутилмоқда.

Давлат раҳбари лавозими учун жами олти номзод кураш олиб бормоқда, номзодлар орасида биринчи бор икки аёлни кўриш мумкин. Номзодлар қаторида Тўқаевдан ташқари Президент ҳузуридаги Хотин-қизлар ишлари ва оилавий-демографик сиёсат бўйича миллий комиссия аъзоси, Профессионал ижтимоий ишчилар миллий альянсидан номзод Каракат Абден, Умуммиллий социал-демократик партияси (ОСДП) вакили Нурлан Ауесбаев, Қозоғистон фермерлар уюшмаси раиси, «Овул» партияси номзоди Жигули Дайрабаев, «Yntymaq» партияси раҳбари, «Аманат – Қозоғистон касаба уюшмалари ҳамдўстлиги» томонидан номзоди қўйилган иқтисодчи назарияшунос Мейрам Кажикен ҳамда ҳуқуқ фаоли, «Оилавий зўравонликсиз Қозоғистон» лойиҳаси раҳбари Салтанат Турсинбекова.

Тўқаевнинг рақиблари электорат орасида машҳур эмас ва сайлов кунига икки ой қолганида рўйхатдан ўтишган.

«Улар сайловга тайёрланиш ва ўзини кўрсатиш учун реал имкониятларга эга бўлмаган номсиз номзодлардир. Тўқаевга танқидий кўз билан қарайдиганлар ҳам унга овоз беришади, чунки у кимлигини билишади», дейди 19 ёшли фаол Мира Унагурова.

Бу Миранинг ҳаётидаги илк сайловлардир. Тўқаев 2019 йил президентликка келганида у ҳали 15 ёшда бўлган. Ўшанда у сохта сайловларга қарши митинглар туфайли сиёсатга қизиқиб қолади ва шундан кейин намойишлар ҳамда тинч маршларда қатнашиб келади. У бу сафарги сайловда овоз бериб чиққанидан кейин адолатли сайловлар талаби билан намойишга чиқди, уни ва яна ўнлаб фаолларни қўлга олишди. 

Мира ўзининг фуқаролик фаол позицияси эвазига Қозоғистонда ўзи учун ёрқин келажак қуриш мумкин деб ҳисоблайди, лекин унинг ҳаракатлари ҳозирги вазиятни ўзгартириши даргумон.

«Тўқаев бу сайловларда ғалаба қозониши деярли аниқ, аммо бошқа номзодларга ёки унга қарши овоз бериш орқали биз ўзимизнинг борлигимизни кўрсатиб қўямиз», деганди Мира акция арафасида.

Сайловдаги интрига ким иккинчи ўринни эгаллаши ва ҳукуматда лавозим олиши эҳтимоли билан боғлиқ. Бироқ, социологларнинг қайд этишича, номзодлар ҳатто беш фоизлик чегарадан ўта олиши қийин бўлади. 3 млн тенге (6,5 минг доллар) миқдоридаги мажбурий тўловни қайтариш учун айнан шунча овоз тўплаш талаб этилади.

Танқидчиларнинг ҳисоблашича, юқори миқдордаги гаров пули, рўйхатдан ўтишдаги мураккабликлар ва бошқа мезонлар туфайли номзодлар дискриминацияга учрайди ва Тўқаевнинг ҳақиқий сиёсий рақиблари номзодини рўйхатдан ўтказишига тўсқинлик қилади.

«Аввалги сайловларда бўлгани каби бу сафарги президентлик сайловларида ҳам сиёсий плюрализм йўқ, мухолифатчи партияларнинг бирортасига, демак уларнинг номзодларига ҳам рўйхатдан ўтишга рухсат берилмади», дея қайд этади Human Rights Watch’нинг Марказий Осиё бўйича катта тадқиқотчиси Мира Ритман.

Қонунчиликка кўра, Қозоғистон президентлигига фақат муайян талабларга мос келувчи кишилар номзод бўлиши мумкин: қозоқ тилини билиш, давлат идораларида беш йиллик иш тажрибаси, сўнгги 15 йил мобайнида Қозоғистонда яшаб келаётганлик.

Бу талаблар эса мухолифатчиларга эмас, амалдорларга мос келади.

Қозоғистон мухолифатчи етакчиларидан бири - собиқ банкир Мухтар Аблязов - хорижда истиқомат қилади ва Қозоғистонда қидирувга берилган. Тўқаевнинг яна бир таниқли мухолифатчиси - «Демократик Қозоғистон» ижтимоий-сиёсий ҳаракати етакчиси Жанболат Мамай - номзодларни рўйхатга олиш чоғида ҳокимият вакилини ҳақорат қилиш ва қасддан ёлғон маълумот тарқатишда айбланиб, қамоқда эди.

Ҳокимият ўтказилиши ва «қонли январ» воқеалари

Тўқаев 2019 йилда Қозоғистон президенти бўлганди, унга қадар мамлакатни 28 йил мобайнида фақат бир киши бошқарган - Нурсултон Назарбоев.

Элбоши (Миллат раҳбари) фахрий мақомини олган Назарбоев 2019 йилги навбатдан ташқари сайловларда Тўқаевни қўллаган ва амалда ҳокимиятни унга ўтказган. Шу туфайли Тўқаевни кўпчилик шунчаки Назарбоев томоннидан қўйилган одам ва унинг содиқ тарафдори деб ҳисоблаган.

2019 йилги сайловлар арафасида (ўшанда Тўқаев 70 фоиз атрофида овоз олганди) мамлакат бўйлаб «Тўқаев - менинг президентим эмас, Нурсултон - менинг пойтахтим эмас» шиори остида норозилик акциялари бўлиб ўтади. Бу Қозоғистон пойтахти ва кўплаб кўчалар Нурсултон Назарбоев шарафига қайта номлангани билан боғлиқ эди.

2022 йилга қадар Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раҳбарлиги лавозими ҳамда ҳукмрон партия «Нур Отан» (яқинда у «Аманат» дея қайта номланди) етакчилиги Назарбоевда қолди.

Аммо 2022 йил январида бутун мамлакатни қамраб олган намойишлардан кейин Назарбоевнинг таъсир доираси кескин қулашни бошлади.

Қозоғистон январ бошида ёнилғи нархлари кўтарилиши туфайли намойишлар бошланиб, бутун мамлакатга тарқалди

Намойишлар ёнилғи учун нархлар кўтарилишига қарши бошланганди, аммо акциялар кенг кўламли оммавий чиқишларга айланиб кетди. Йирик шаҳарлардан бири Олмаотада тартибсизликлар юзага келди, шаҳар маъмурияти биноси ва президент қароргоҳи эгаллаб олиниб, вайрон қилинди.

Ўшанда Тўқаев мамлакатга КХШТ қуролли кучларини таклиф қилди, кейин ҳуқуқ-тартибот органлари тартибсизликларни бостирди.

Аввалига ҳукумат ва шахсан Тўқаевнинг намойишларга реакцияси турлича бўлди - Жанаўзендаги (мамлакат ғарбидаги шаҳар) намойишларга бефарқликдан бошланиб, муаммолар учун жавобгарликни тан олиш ва намойишчиларга ён беришгача.

Аммо кейин Тўқаев гўёки «20 минг хорижлик террорчилар» намойишларни қўзғатгани ҳақида гапирди. Бу гап учун ҳеч қандай далил келтирилмади.

Сентябр ойига келиб январдаги намойишлар вақтида 225 киши ҳалок бўлгани, 5 мингдан ортиқ киши яралангани ва минглаб кишилар қўлга олингани маълум. Қурбонлар орасида полициячилар, ҳарбийлар - ва кўплаб тинч аҳоли вакиллари, жумладан, тасодифий тарзда воқеалар жойида пайдо бўлиб қолган болалар ва аёллар ҳам бор.

«Халқаро ҳамжамият бир йилдан буён Тўқаев ҳукуматини бўлиб ўтган воқеаларни мустақил халқаро экспертлар иштирокида текширишга чақирмоқда, аммо ҳеч қандай натижа йўқ. Кўп сонли қийноқ ҳолатлари, ноқонуний ҳибсга олишлар ва ўлим ҳолатлари учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган», - дейди Мира Ритман.

«Оддий пенсионер»

Январ воқеалари Назарбоевни ўзида қолган лавозимлардан воз кечишга ва оммага энди «оддий пенсионер» эканини айтишга мажбур қилди. Мамлакат пойтахти яна Остона деб атала бошлади, собиқ президентнинг қариндошлари турли идоралар ва давлат компанияларидаги раҳбарлик лавозимларидан маҳрум бўлишди.

Тўқаев Назарбоевнинг кадрларини махсус хизматлар раҳбарлигидан намойишкорона ишдан олди ва уларнинг бир қисмини тартибсизликларга алоқадорликда айблаб, қамоққа ташлади.

Январ воқеаларига баҳо бераркан, экспертлар тез-тез бу вақтда Тўқаев ва Назарбоевнинг муносабатлари ёмонлашганига эътибор қаратиб, намойишларнинг бостирилишини янги президентнинг «шахсий Жанаўзени» деб аташади. 2011 йилда ҳам Қозоғистон жануби-ғарбидаги Жанаўзенда нефчилар намойиши бўлиб ўтган, у шафқатсизларча бостирилган - расмий маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлиб, юздан ортиқ киши яраланган. Ўша воқеалар иштирокчилари эса, қурбонлар сони 70 нафардан кам бўлмагани, 500 дан ортиқ киши яраланганини айтишади.

Назарбоевнинг Қозоғистондаги таъсир доираси сўнгги вақтларда кескин пасайди. Фото: Reuters

2022 йил январидаги намойишларда кўплаб ёшлар - Назарбоев бошқаруви даврида туғилган ва вояга етганлар иштирок этди. Унинг кетиши бу авлод учун ўзгаришлар рамзига айланди. Уларнинг фикрича, намойишларни бостирганига қарамай, Тўқаев энди «Янги Назарбоев» бўла олмайди.

«Назарбоев кетганида, бу ўзгаришларга умиднинг туғилиши бўлганди. Қарийб 30 йил мобайнида у аввалига халқ муҳаббатини, кейин эса қўрқувини уйғотди. Тўқаев бундай ҳокимият ва машҳурликка эришмаган. У электоратни қўрқитишга уринмоқда, аммо ҳозирча буни уддалай олгани йўқ», дейди рассом ва жамоат фаоли бўлган Суинбека Сулейманова.

30 ёшли Суинбека бу сайловларда 2 минг кўнгиллилар қаторида мустақил кузатувчилар штабига рўйхатдан ўтган. Штаб аъзолари орасида пенсионерлар, фаоллар, талабалар ва сайловлар вақтида қоидабузарликларни кузатиб бориш мақсадидаги жамоат арбоблари ўрин олган. Бу ташкилот раҳбари Арайлим Назарова 2019 йилги сайловларда ноҳақликларга ўз кўзи билан гувоҳ бўлганини айтади.

«Мен мухолифатчи номзод Косановнинг кузатувчилар штабида эдим, аммо сўнгги кунда Косанов курашдан чиқди ва Тўқаевнинг ғалабасини тан олди, 600 нафар кузатувчининг протоколлари эса ҳеч кимга керак бўлмай қолди. Ўшанда биз жамоат бирлашмаси тузишга ва шу тариқа ўз норозилигимизни билдириб, сайловлар адолатли ўтказилишига эришишга қарор қилгандик», дейди Назарова.

Тўқаевнинг Янги Қозоғистони

Назарова сайловдаги ҳақиқий давоматни кузатиш муҳим деб ҳисоблайди, чунки бу қозоғистонликлар сайловда қанчалик фаоллиги ва халқнинг ҳукуматга ишончини кўрсатиб беради. Жами 12 миллион атрофидаги қозоғистонликлар овоз бериш ҳуқуқига эга.

Таҳлилчиларнинг ҳисоблашича, Тўқаев ҳақиқий номзодлар пайдо бўлиши ёки мамлакатда норозилик кайфияти ўсишидан олдинроқ ўз ғалабасини тасдиқлаш учун навбатдан ташқари сайловлар эълон қилган.

«Ўйлайманки, етти йилдан кейин президентлик лавозими учун ҳақиқий кескин кураш кечиши ҳақида гапирса бўлади, ҳозир биз ўзимиз лойиқ бўлган сиёсий майдонга эгамиз. Электорат ҳали реал ўзгаришларга тайёр эмас», деб ҳисоблайди Амалий сиёсатшунослик ва халқаро тадқиқотлар маркази раҳбари Айдар Амребаев.

Унинг сўзларига кўра, президент ҳам, унинг маъмурияти ҳам сайловларга пухта тайёргарлик кўрган ва ҳар қандай кутилмаганлик элементлари истисно этилади.

«Улар 2019 йилги тажрибадан сабоқ чиқаришган, ўшанда Косанов каби кутилмаган номзод пайдо бўлиб, «сирли тойчоқ»қа айланиши мумкин эди. Бу сафар бундай кучли номзодлар сайловларга қўйилмади», дейди Амребаев.

Қосим-Жўмарт Тўқаев замонавий ва мустақил етакчи сифатида гавдаланишга ҳаракат қилмоқда. Бу суратда у Евроиттифоқ дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел билан. Фото: PRESIDENT OF KAZAKHSTAN/REUTERS

Тўқаев шу йил ёзида бўлиб ўтган умумхалқ референдумидан кейин, сентябр ойида навбатдан ташқари сайловлар ҳақида эълон қилганди - референдумни кўпчилик «президентлик сайлови репетицияси» деб баҳолаганди. Референдумда конституцияга тузатишлар маъқулланди. Энди Қозоғистоннинг асосий қонунига кўра, президент лавозимни фақат бир марта етти йиллик муддатга эгаллай олиши мумкин. Тўқаев сайловларда ғолиб чиқса, 2029 йилга қадар президент бўлиб қолади.

Тўқаев бу вақт мобайнида кенг кўламли сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни, маошлар ва пенсияларни оширишни, суд-ҳуқуқ тизимини инсонийлаштиришни ваъда қилган. У ҳозирча муайян ҳаракатлар режасини тақдим этмади.

Мавзуга оид