Жаҳон | 14:03 / 21.11.2022
11226
2 дақиқада ўқилади

Эрон Ироқ шимолидаги курд-эрон гуруҳларини ўққа тутди

Эрон инқилоб муҳофизлари корпуси Ироқ Курдистонига иккинчи марта зарба бермоқда. Теҳрон курд-эрон гуруҳларини Эрондаги кенг кўламли намойишларни қўллаб-қувватлаганликда айблади.

Фото: Getty Images

Эрон 21 ноябрь, душанбага ўтар кечаси Ироқ шимолидаги эрон-курд мухолиф гуруҳлари позицияларига яна ҳужум қилди. «Эрон инқилоб муҳофизлари корпуси яна бир бор Эрон-Курд партиялари позицияларини бомбардимон қилди», деди Ироқдаги Курдистон мухториятининг терроризмга қарши кураш агентлиги. У қурбонлар бор-йўқлигига аниқлик киритмади.

Эрон Курдистони Демократик партияси (PDKI) ва «Комала» миллатчи эрон-курд ташкилоти Эрон томонидан нишонга олинганини билдирди. «Бу палапартиш зарбалар Эрон террористик режими Эрон Курдистонида давом этаётган норозилик намойишларини тўхтата олмаётган бир пайтда содир бўлди», — деб хабар берди PDKI ўзининг Twitter микроблогида.

21 ноябрь куни эрталаб INA Ироқ давлат ахборот агентлиги ҳам Ироқ Курдистонидаги учта «Эрон мухолифат партияси»га Эрон дронлари ва ракета ҳужумлари амалга оширилгани ҳақида хабар берди. Худди шу нишонларга қарши шундай зарбалар бир ҳафта олдин ҳам қилинган эди. 

Теҳрон Ироқ шимолидаги эрон-курд гуруҳларини Эронда ҳукуматга қарши оммавий намойишларни кучайтирганликда айблади. Эронда ёш курд қизи Маҳса Аминий вафот этганидан бери курд ташкилотлари Эрондаги намойишларни қўллаб-қувватлаб, намойишчиларни бостириш жараёнини кескин танқид қилиб келади. 

Маҳса Аминий 13 сентябр куни Теҳронда полиция томонидан ҳибсга олинган эди. Ҳибсга олинганидан кўп ўтмай у касалхонада вафот этди. Фаоллар полицияни Аминийга ёмон муносабатда бўлганликда айбламоқда. Унинг ўлими Эронда бугунги кунгача давом этиб келаётган ҳукмрон режимга қарши оммавий норозиликларга сабаб бўлди. 

Мавзуга оид