Жаҳон | 16:03 / 21.11.2022
29329
6 дақиқада ўқилади

Украинанинг вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларига қиш келди. Уруш суратлари

Россия ва Украина бир-бирини Запорижжя АЭСни ўққа тутишда айблашда давом этмоқда. Халқаро атом энергетикаси агентлиги раҳбари зудлик билан отишмани тўхтатишга чақирди. Украина ҳукумати украин ҳарбий хизматчилари россиялик ҳарбий асирларни қатл қилгани айтилган видео юзасидан текширув ўтказилишини ваъда қилди. Украина армияси Харкив, Донецк ва Херсон областларида озод этган қишлоқларда ўлдирилган 700 дан ортиқ украинларнинг жасадлари аниқланди. Уларнинг аксари — тинч аҳоли вакиллари. The Washington Post хабарига кўра, Москва ва Теҳрон Россия ҳудудида Эрон дронларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича махфий келишув тузган. Телеграм-каналларда Белгород областидаги ҳарбий қисмда икки россиялик ҳарбий хизматчи барчанинг кўз ўнгида қўлга олиниши акс этган видео тарқалди. Улар олдинги чизиққа қайтиш тўғрисидаги буйруқни бажаришдан бош тортишда айбланмоқда.

Қуйида 20 ноябр, урушнинг 270-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.

Киев атрофида қор остида қолган қишлоқ вайроналари

«Антонов» аэропорти жойлашган Гостомел посёлкаси яқинидаги Мошчун қишлоғи. Урушнинг илк кунларида Россия қўмондонлиги бу ҳудудни вертолёт десанти ва самолётларни қўллаган ҳолда эгаллаб олишни мақсад қилганди. Мошчун қишлоғи Гостомел ва Киев ўртасида жойлашган — бу россияликлар учун стратегик аҳамиятга эга нуқта эди.
Metin Aktas / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp ​images / Vida Press
Мошчун қишлоғидаги квартиралардан биридаги интерьер. Ойна отишма вақти деразалар синиб тушмаслиги учун адёллар билан мустаҳкамланган. 24 феврал куни Россия қўшини Гостомелдаги аэропортни ва унинг яқинидаги Мошчун қишлоғини эгаллашга уринганди, аммо  Украина қуролли кучлари ҳужумларни қайтарди. 25 феврал куни РФ армияси барибир аэропортни эгаллаб олди, аммо Украина қўшини чекиниш чоғида учиш-қўниш полосасини яроқсиз ҳолатга келтирди ва россияликлар аэропортдан фойдалана олмади.
Metin Aktas / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp ​images / Vida Press
Мошчундаги маъмурий бинода ташлаб кетилган кийимлар. 27 феврал куни россиялик ҳарбийлар «Антонов» аэропортида уникал самолёт - Ан-225 «Мрия»ни яксон қилганди. Март ойи охирида россияликлар Киев областидан чекина бошлади ва Гостомелдаги аэродромни тўлиқ эгаллашга уринишларни тўхтатди. Мошчун қишлоғи бу ҳудудда олиб борилган шиддатли жанглар туфайли деярли буткул яксон бўлган.
Metin Aktas / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp ​images / Vida Press
Мошчунда яксон этилган автомобил. Октябр ойида маҳаллий нашрлар қишлоқда ҳамон электр ва ичимлик суви таъминоти йўқлигини хабар қилишган, қишлоқда қолган аҳоли эса вайронага айланган уйларда яшашга мажбур бўлмоқда.
Metin Aktas / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp ​images / Vida Press

Херсон областининг озод этилган қисмидаги ҳаёт

11 ноябр куни озод этилган Херсонда яшовчи аёл ичимлик суви тўлдирилган идишлар билан. Шаҳарда ҳамон электр ва сув таъминоти бўйича муаммолар сақланиб қолмоқда, шу туфайли херсонликлар тўлиқ гуманитар ёрдамга қарам бўлиб қолган.
Bulent Kilic / AFP / Scanpix / LETA
Днепрда қайиқда ов қилаётган балиқчи, дарё ортида қуюқ қора тутун кўтарилган. Россия ҳарбийлари Херсон областининг озод этилган ҳудудларига зарба беришда давом этмоқда.
Bulent Kilic / AFP / Scanpix / LETA
Херсонлик аёл шаҳар кўчаларидан бирида
Bulent Kilic / AFP / Scanpix / LETA
Херсондан 10 километр масофадаги Белозерка қишлоғи аҳолиси вакили. 19 ноябр куни, Украина томони баёнотига кўра, россиялик ҳарбийлар Белозеркадаги гуманитар ёрдам тарқатиш нуқтасини ўққа тутган, жабрланганлар ҳақида маълумот берилмаган.
Bulent Kilic / AFP / Scanpix / LETA

Донбасс шимолидаги украин жангчилари 

Украин ҳарбийлари Донецк областидаги фронт чизиғида жойлашган бино ертўласида. 20 ноябр куни Володимир Зеленский навбатдаги кечки видеомурожаатида Донбассда «қақшатқич жанглар давом этаётгани»ни қайд этди. Миллий полицияга кўра, Россия қўшини Донецк областидаги ўнлаб аҳоли яшаш манзиллари бўйлаб зарбалар берган, яраланганлар орасида — ёш бола ҳам бор.
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp ​images / Vida Press
Украина қуролли кучлари жангчилари Донецк областидаги фронт чизиғида вайрон бўлган бинода.
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp ​images / Vida Press
Соледардаги зарбага учраган турар жойлар кварталидаги кўриниш — Краматорскдан 60 километр жануби-шарқда жойлашган бу шаҳар Украина армияси назоратида қолмоқда. Краматорск сўнгги бор 19 ноябр куни россиялик ҳарбийлар зарбасига учраган: хусусий сектор шикастланган, қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp ​images / Vida Press
Украин аскарлари Донецк областидаги олдинги чизиқда миномётдан ўт очишмоқда
Diego Herrera Carcedo / Anadolu Agency / ABACAPRESS / ddp ​images / Vida Press
Украина артиллериясидан ўт очилиши
Libkos / AP / Scanpix / LETA
Бахмут яқинидаги позицияда ёмғир остида турган украин ҳарбийси — бу россияликлар ҳужуми давом этаётган энг қайноқ нуқталардан бири. Украина қуролли кучларига кўра, бу ерда жанглар кеча-ю кундуз давом этмоқда.
Libkos / AP / Scanpix / LETA

Киевдаги блэкаут 

Киевдаги кўп квартирали уйлардан бирининг деразасидаги чироқ ёруғи. Пойтахтда электр энергиясини режали ўчириш жараёни давом этмоқда, ҳукумат россиялик ҳарбийлар октябр ойидан Украина энергия тизимига ёппасига зарба беришни бошлагач, шундай чора кўришга мажбур бўлган. Электр ўчирилган вақтда мутахассислар зарбалардан шикастланган энергия тизимида таъмирлаш ишлари олиб боришади.
Valentyn Ogirenko / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид