Туғуруқхонага ҳужум қурбони ва Донбассдаги ҳарбийлар. Уруш суратлари
Россия ҳарбийлари Запорижжя областидаги Вольнянск шаҳрини ўққа тутишди. Ракеталардан бири шифохонанинг туғуруқ бўлимига келиб урилган, янги туғилган чақалоқ нобуд бўлган. Бундан ташқари, Россия Украина бўйлаб навбатдаги ракета зарбалари йўллади, мамлакат бўйлаб жами ўн киши ҳалок бўлди, шунингдек ИЭС ва ГЭСларнинг катта қисми фаолияти тўхтаб қолди — украинларнинг кўпчилик қисми электр энергиясидан узилган, хусусан, Киевнинг 70 фоизида электр йўқ. Европарламент Россияни «терроризм ҳомийси бўлган давлат» сифатида тан олди. Қуйида 23 ноябр, урушнинг 273-кунида Украинанинг турли ҳудудларида олинган суратлар.
Куннинг асосий воқеаси
23 ноябр куни Россия қўшини Украинанинг қатор регионлари бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллади. Президент Володимир Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия 67 ракета учирган, натижада Киев, Одесса ва Черниҳив областлари токсиз қолган. Украина полицияси маълумотига кўра, ракета зарбалари туфайли бутун мамлакат бўйлаб ўн киши ҳалок бўлди. Ракета зарбалари туфайли Киевда ичимлик суви таъминоти тўхтади. Бундан ташқари, шаҳар мэри Виталий Кличконинг сўзларига кўра, пойтахтда «инфратузилма объекти» шикастланган, айнан қайси эканига аниқлик киритилмаган. Шунингдек, гувоҳларнинг видеоларига кўра, бир неча автомобил ёниб кетган. 24 ноябр тонгидаги ҳолатга кўра, Киевнинг 70 фоизида электр йўқ. Кличконинг сўзларига кўра, шаҳарда уч киши ҳалок бўлган, улардан бири 17 ёшли қиз бўлган. Яна 11 киши тан жароҳати олган.
Россияликларнинг Запорижжядаги туғуруқ бўлимига йўллаган зарбаси оқибатлари
23 ноябрга ўтар кечаси Россия қўшини Запорижжядан 25 километр масофада жойлашган Вольнянск шаҳрини ўққа тутди. Запорижжя области ҳарбий маъмурияти раҳбари Олександр Старухнинг сўзларига кўра, россияликлар бир қанча ракета учирган — улардан брии туғуруқ бўлимига келиб тушган. Зарба натижасида икки кун олдин туғилган чақалоқ ҳалок бўлган, унинг онаси омон қолган. Президент офиси раҳбари ўринбосари Кирилл Тимошенко Вольнянск ўққа тутилиши оқибатида икки киши жабрланганини хабар қилган — улардан бири шифокор бўлиб, у оғир аҳволда қолмоқда.
Озод этилган Херсон манзаралари
Авдеевка остонасидаги россиялик ҳарбийлар
РФ армияси Авдеевка йўналишида ҳарбий ҳаракатларни давом эттирмоқда. Аммо Украина қуролли кучлари Бош штаби маълум қилишича, украинлар ҳужумларни қайтармоқда. «Бизнинг Авдеевка ва Бахмут йўналишларидаги асосий режамиз — рақибни максимал даражада ҳолдан тойдириш ва буни ҳар куни қилиш, биз уларга тўлдириб бўлмас йўқотишлар бермоқдамиз ва буни ҳар куни қилмоқдамиз. Россия қуролли кучларининг профессионал ҳарбийлардан иборат ўзагининг асосий қисми аллақачон қириб ташланган дейиш мумкин», — деди Украина армияси шарқий гуруҳи спикери Сергей Череватий.
Донбассда танк таъмирлаётган украин ҳарбийлари