Ўзбекистон | 08:17 / 26.11.2022
2785
2 дақиқада ўқилади

Пойтахт ичимлик суви таъминотига 218 млн евродан зиёд маблағ йўналтирилади

Президентнинг “Тошкент шаҳри ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини трансформация қилиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.

Фото: Getty Images

2020 йилда Уй-жой қурилиш вазирлиги, шаҳар ҳокимияти, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” ва Франциянинг SUEZ International SAS компанияси ўртасида “Тошкент шаҳри ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини трансформация қилиш” лойиҳаси бўйича 7 йил давомида амал қиладиган биргаликда бошқариш тўғрисида шартнома тузилган.

Ҳужжатга мувофиқ, лойиҳа қиймати 218 млн еврони ташкил этади, шундан 154,5 млн евро Франция ғазначилиги ва Европа банклари, 64,3 млн евро – Ўзбекистон томонидан молиялаштирилади.

Лойиҳани амалга оширишдан кутилаётган кўрсаткичлар тасдиқланди:

жисмоний шахс бўлган истеъмолчилар барча тоифалари учун ичимлик сув истеъмоли назорати ва ҳисобини юритиш бўйича масофадан маълумот узатувчи 673 мингта “ақлли” сув ҳисоблагич ўрнатиш;

ичимлик сув таъминоти тизимида сув йўқотишларини 12 фоизга камайтириш;

ичимлик суви таъминоти ва оқова сув таъминоти бош режаларини ишлаб чиқиш.
 
Лойиҳани амалга ошириш доирасида ҳосил бўладиган ҚҚС суммаси хўжалик юритувчи субъектлар маблағлари ҳисобидан тўланади, тўланган ҚҚС суммаси хўжалик юритувчи субъектларга республика бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид