Жаҳон | 12:12 / 26.11.2022
4353
3 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия: Украинадан келган қочқинлар уйига тезда қайтиб кетмайди

Украиналик қочқинларни қабул қилган давлатлар ноқулайликларга қарамай, бирдамлик кўрсатишда давом этиши керак, дейди Еврокомиссия раиси ўринбосари Дубравка Шуйца.

Фото: Reuters

Германия ва украиналик қочқинларни қабул қилган бошқа давлатлар улар уруш тугагандан сўнг дарҳол ватанига қайтмаслиги эҳтимолига тайёр бўлиши керак. Бу фикрни Еврокомиссия (ЕК) вице-президенти Дубравка Шуйца 26 ноябрь, шанба куни чоп этилган Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) нашрлар гуруҳига берган интервьюсида билдирди

«Менимча, биз бунга тайёр бўлишимиз керак, - деди Шуйца. - Асосий муаммо шундаки, бу оилалар уруш тугаганидан кейин биринчи кундаёқ уйларига қайтамиз деб ўйлашади. Аммо ўшанда улар ҳали уйларига қайта олишмайди, сабаби уйлари вайрон бўлган, иш ўринлари йўқолган. Очиғини айтишим керак, мен ўзим собиқ Югославиядаги Хорватияда урушни бошдан кечирганман».

Дубравка Шуйца Европа Комиссиясида демократия ва демографик муаммолар учун масъул бўлиб, Европа даражасида болалар ҳуқуқлари билан шуғулланади. RND нашрига берган интервьюсида у қочқинларни қабул қилган давлатлар қандайдир ноқулайликларга чидашга тўғри келишини тан олди: «Ҳа, агар биз боғча гуруҳлари ва мактаблардаги болалар сони ҳақида гапирадиган бўлсак, бизнинг стандартларимиз ёмонлашди. Ҳозир синфдаги болалар сони 15 ёки 20 нафар эмас, балки 35 нафарни ташкил қиляпти. Собиқ ўқитувчи сифатида мен бу - муаммо эканлигини биламан». 

Шу билан бирга, Еврокомиссия раиси ўринбосари бу қийинчиликларга қарамай, европаликлар ёрдам бераётганлар билан бирдамлик кўрсатишлари муҳимлигини таъкидлади: «Биз бирдамликни яхшироқ ифодалашимиз керак, акс ҳолда одамлар худбин бўлиб, ўз пулларини қайтаришни хоҳлашади. Тўғри, стандартлар мавжуд. Лекин шундай стандартлар ҳам борки, уларни уруш тугамагунча тиклаб бўлмайди».

Дубравка Шуйца, шунингдек, қишнинг яқинлашиб келаётгани ва давом этаётган Россия ҳужумлари билан, прогнозларга кўра, Украинадан қочқинлар сони янада ортиши мумкинлигини айтди.

Россия Украина билан урушда «террорчилик воситаларидан» фойдаланаётгани тўғрисида Европарламент резолюциясини қўллаб-қувватлашга тайёрми, деган саволга амалдор аниқ жавоб бермади. Аммо Россия қўшинларининг қўшни давлатга бостириб киришини изоҳлар экан, у шундай деди: «Улар Украинадаги одамларга нисбатан шафқатсиз ва улар қилаётган ишлар мутлақо қабул қилиниши мумкин эмас». 

БМТ маълумотларига кўра, Россиянинг кенг кўламли тажовузи бошланганидан кейин 14 миллионга яқин одам Украинани тарк этган. Германияда 2022 йил октябр ойи охирига келиб, 1 миллионга яқин украиналик қочқин рўйхатга олинган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид