Жаҳон | 23:47 / 01.12.2022
13756
1 дақиқада ўқилади

Россия 2023 йилда 124 минг меҳнат мигрантини жалб қилмоқчи 

Хорижликлар тоғ-кон саноати, қурилиш-монтаж, йирик ва кичик саноат корхоналари, металлга ишлов бериш ва машинасозлик саноатига таклиф этилади. 

Фото: Reuters

Россия 2023 йилда деярли 124 минг хорижий ишчини жалб қилишни режалаштирмоқда. Россия ҳукуматининг тегишли қарори пайшанба куни норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг расмий интернет порталида эълон қилинди. 

«2023 йил учун Россия Федерациясига виза асосида келадиган 123 943 нафар хорижий ишчиларни жалб қилиш зарурати белгилансин», — дейилади ҳужжатда. 

Қарорга кўра, хорижликларнинг энг кўпини қуйидаги соҳаларга жалб қилиш режалаштирилган: 32 808 киши тоғ-кон саноати, капитал кончилик, қурилиш-монтаж ишларига; 23 664 киши йирик ва кичик саноат корхоналарига; 14 343 киши металлга ишлов бериш ва машинасозлик саноатига. 

Малакасиз ишчи кучига эҳтиёж 7,2 мингдан ортиқ кишини ташкил этади. 

2023 йилда Россияга кириш учун таклифномалар ва чет эл фуқароларига ишлаш учун рухсатномалар бериш квотаси ҳам 123 943 дона этиб белгиланди.

Мавзуга оид