Ўзбекистон | 13:19 / 06.12.2022
4064
1 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 декабрь куни Қирғизистон президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Қирғизистон етакчисини таваллуд куни билан қутлаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва муваффақиятлар, қардош Қирғизистон халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.

Олий даражадаги келишувларга мувофиқ Ўзбекистон-Қирғизистон яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб бораётгани, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик жадал ривожланаётгани қайд этилди.

Яқинда икки томонлама ҳужжатлар – Давлат чегараси алоҳида участкалари тўғрисида шартнома ва Андижон сув омбори сув ресурсларини биргаликда бошқариш тўғрисида битим имзолангани ва ратификация қилингани амалий ҳамкорлик чуқурлашишига, давлатлар ва бутун минтақа барқарор ривожланишига хизмат қилиши таъкидланди.

Давлат раҳбарлари бўлажак мулоқотлар кун тартибини сифат жиҳатидан бойитиш мақсадида савдо шартномалари ва инвестиция дастурлари портфелини кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид