Жаҳон | 12:39 / 08.12.2022
4724
3 дақиқада ўқилади

АҚШда Раданинг кремлпараст депутатига айблов қўйилди

Фото: AP

Украина Олий Радаси депутати Андрий Деркач фирибгарлик ва пул ювишда айбланмоқда. Узоқ вақт давомида АҚШ расмийлари уни Россиянинг таъсир кўрсатиш бўйича фаол агенти деб ҳисоблашган.

Бруклиндаги федерал суди 7 декабрь, чоршанба куни кремлпараст депутат Андрий Деркачни Калифорниянинг Беверли-Хиллз шаҳридаги иккита кўчмас мулкни сотиб олиш ва сақлаш орқали фирибгарлик, пул ювиш ва Россияга қарши санкцияларни бузишда айблади. 

Айблов хулосасида айтилишича, 2013 йилдан бери Деркач Британия Виржин оролларида рўйхатдан ўтган компанияларга тегишли бўлган Латвия ва Швейцариядаги хорижий ҳисоблардан ушбу мулкни сотиб олиш ва сақлаш учун фойдаланган. 

«Демократиямизга зарар етказишга урингани учун санкцияга учраган Кремль агентининг хатти-ҳаракати унинг ноқонуний мақсадларига эришиш учун банк тизимимиздан фойдаланишга тайёр ва қодир эканлигини кўрсатди. Қўшма Штатлар жиноятчилар учун хавфсиз бошпана бўлмайди. Санкция остидаги олигархлар ёки шахслар ноқонуний йўл билан орттирган даромадларини яшириши ёки сайловларимизга таъсир қилиши мумкин», деди прокуратура вакили. 

Андрий Деркач ҳозирда Украина адлия идораларидан яшириниб юрибди. У 2020 йил сентябр ойида АҚШ Молия вазирлиги томонидан санкцияга учраган эди, чунки АҚШ расмийларига кўра, ўн йилдан ортиқ вақт давомида у Россиянинг фаол агенти бўлган ва Россия разведка хизматлари буйруғига кўра АҚШ президенти сайлови натижаларига таъсир ўтказишга ҳаракат қилган. Демократларнинг таъкидлашича, Деркач собиқ президент Доналд Трамп тарафдорларига президент Жо Байденга нисбатан маълумотлар йиғишда фаол ёрдам берган. 

Андрий Деркач аввалроқ ўз айбини рад этиб, коррупцияни фош қилгани учун таъқиб қилинаётганини айтганди. Агар у айбдор деб топилса, 30 йилгача қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин. Шу билан бирга, АҚШ прокуратураси Беверли-Хиллз кондоминиумидаги Деркачнинг иккита квартирасини ва унга алоқадор иккита банк ҳисобидаги маблағларни мусодара қилиш тўғрисида фуқаролик даъвоси киритди. 

55 ёшли Андрий Деркач йигирма йилдан ортиқ вақтдан бери Украина Олий Радасининг депутати. Ўтган йили Киев унга қарши ўз санкцияларини жорий қилган эди. Июнь ойида Украина разведка идоралари Деркач Москванинг қуролли агрессияси ортидан Россия қўшинларининг Украина шаҳарларига киришини қўллаб-қувватлаш учун хусусий хавфсизлик компаниялари тармоғини ташкил этгани ҳақида хабар берган эди. Шу билан бирга, махсус хизматлар урушнинг бошида ҳибсга олинган Деркачнинг Олий Рададаги ёрдамчиси кўрсатмаларига таянган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид