Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Россиялик олигархнинг Италияда ҳибсга олинган яхтаси йўқолиб қолди
Сардиния оролида миллиардер Дмитрий Мазепинга тегишли 22 метрли кема ғойиб бўлди.
Европа Иттифоқи санкциялари доирасида ҳибсга олингани айтилаётган россиялик олигархга тегишли ҳашаматли яхта шу йилнинг ёзида Италиянинг Сардиния оролидаги портдан сирли равишда ғойиб бўлди.
22 метрли Aldabra яхтаси минерал ўғитлар ишлаб чиқарувчи компаниянинг миллиардер эгаси ва Формула 1 собиқ пойгачиси Никита Мазепиннинг отаси Дмитрий Мазепинга тегишли.
Қиймати 700 мингдан 1 миллион еврогача бўлган кема Олбия портида сақланаётган ва Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Мазепин санкциялар рўйхатига киритилгач, март ойида ҳибсга олинган эди. Яхта июнгача портда турган, аммо Мазепинга тегишли экани расман тасдиқланишидан бир неча соат олдин ғойиб бўлган.
Полициянинг маълум қилишича, Мазепин яхтани олиб чиқиш учун хориж компанияси хизматидан фойдаланган. Ўз навбатида улар яхтани Италия соҳилларидан узоқлаштириш учун сардиниялик капитанни ёллаган.
Олбия молия полицияси қўмондони Карло Лаззари томонидан олиб борилган тергов натижаларига кўра, яхта Тунисдаги кичик Бизерта портида тўхтаган, бироқ унинг ҳозир қаерда эканлиги номаълум.
Полиция хабарига кўра, «тадбирни» ташкил қилишда иштирок этган Мазепин компанияси ва кема олигархга тегишли эканини билмаганини даъво қилаётган капитан 500 минг еврогача жаримага тортилиши мумкин.
Яхтанинг йўқолиб қолиши Италияда ЕИ санкцияларининг биринчи марта бузилишини англатади.
Сардиния оролида Мазепинга тегишли яна бир мулк санкциялар туфайли ҳибсга олинган бўлиб, у олигархнинг севимли дам олиш маскани ҳисобланадиган катта вилладир.
Мавзуга оид
08:50 / 05.06.2026
ЕИда украиналик қочқинларни ҳимоя қилиш тартиби ўзгариши мумкин
08:58 / 04.06.2026
Украинанинг ЕИга аъзо бўлиши йўлида муҳим қадам ташланди
08:48 / 03.06.2026
ЕИ украиналик эркаклар учун вақтинчалик ҳимоя мақомини чеклаши мумкин
17:49 / 02.06.2026