15:14 / 12.12.2022
34413

Миришкорда боғча мудираси тайинланиши жанжалга айланиб кетди

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарёдаги боғчалардан бирида ўзаро жанжал сабаб мудиранинг ҳушидан кетгани акс этган видеолар тарқалди. Ҳолат юзасидан Қашқадарё ИИБ расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, шу йил 10 декабрь куни соат тахминан 10:20 ларда Миришкор тумани “Янги ариқ” МФЙда жойлашган 12-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида туман ҳокимлиги томонидан боғчага директор (мудира) тайинлаш учун йиғилиш бўлиб ўтиши белгиланган.

Ўша куни 12-боғчага “Жейнов” МФЙда яшовчи фуқаролар ҳам келган. Шунда боғчанинг собиқ директори А.Ш.нинг қон босими кўтарилиб кетиб, соғлиги ёмонлашган.

“Ушбу жараёнда ўртадаги тушунмовчилик сабаб фуқаро А.Н. А.У.ни итариб, йиқитиб юборган. Ҳолат бўйича хабар шу йил 10 декабрь куни Миришкор туман ИИБ навбатчилик қисмида қайд этилган.

Ҳозирда Миришкор туман ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, – дейилади расмий изоҳда.

Kun.uz дастлаб қандай тушунмовчилик юзага келгани, фуқаро А.Н. A.У.ни нима сабаб итариб йиқитгани, собиқ мудира нима учун ҳушидан кетиб қолгани бўйича маълумотни олиш мақсадида Қашқадарё ИИБ ахборот хизмати ходими Жавлон Бахтиев билан боғланди. Аммо бу бўйича суриштирув ўтмасидан олдин маълумотлар берилмаслиги айтилди.

Бу ҳолат бўйича баъзи ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра собиқ мудиранинг ўғли ва қизи боғча мудиралигига янги номзодни ота-оналар кўз ўнгида шу аҳволга солганини ёзишмоқда.

Top