Жаҳон | 09:31 / 13.12.2022
4927
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: 6 нафар россиялик Европа Иттифоқининг қора рўйхатига тушиши мумкин

Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига телебошловчилар Борис Корчевников ва Марина Ким, режиссёр Никита Михалков, қўшиқчи Григорий Лепс кириши мумкин, деб хабар берди EUobserver.

Григорий Лепс / Фото: iz.ru

Европа Иттифоқининг янгиланган қора рўйхатига «Спас» канали бош директори Борис Корчевников, «Биринчи канал»даги «Хайрли тонг» дастури бошловчиси Марина Ким, қўшиқчи Григорий Лепс (Лепсверидзе), россиялик блогер Дмитрий Пучков, режиссёр Никита Михалков, сиёсатшунос ва телетаҳлилчи Сергей Михеев киритилиши мумкин. Бу ҳақда 12 декабрь, душанба куни ҳужжатга таяниб, EUobserver хабар берди.

Брюсселда Европа Иттифоқи ташқи ишлар кенгашининг режалаштирилган йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Европа Иттифоқининг 27 давлати ташқи ишлар вазирлари Россия ва Эронга қарши янги санкцияларни, шунингдек, Украинага кейинги ёрдамни муҳокама қилмоқда.

Бундан ташқари, Европа Иттифоқи Россия президенти Владимир Путин билан яқин алоқада бўлган россиялик тадбиркор Юрий Ковалчукнинг тўрт нафар оила аъзосига активларини музлатиб қўйиш ва визалар беришни тақиқлаш ниятида.

Европа Иттифоқи, шунингдек, Бутунроссия давлат телерадиокомпанияси (ВГТРК), "Национальная Медиа Группа" медиа-ҳолдинги, "ТВ-Новости" АНО давлат телекомпанияси ва Москвадаги Стратегик маданият жамғармасининг активларини музлатиб қўймоқчи.

Бундан ташқари, Брюссел ЕИ мамлакатларида Россиянинг учта канали - НТВ/НТВ-Мир, "Россия-1" ва РEН ТВ телеканалларининг трансляция лицензияларини бекор қилишни режалаштирмоқда.

Россия оммавий ахборот воситалари Украинага қарши урушни оқлаш ва Европа Иттифоқи давлатларини беқарорлаштириш мақсадида «фактларни жиддий нотўғри талқин қилиш ва манипуляция қилиш»да айбдор, бу эса «жамоат тартиби ва иттифоқ хавфсизлигига жиддий ва тўғридан тўғри таҳдид» ҳисобланади, дея таъкидланган ҳужжатларда.

Европа Иттифоқининг чекловчи чоралари Рамзон Қодировнинг икки қизи ва амакиваччаси, шунингдек, ўнлаб россиялик амалдорлар ва ҳарбийларга нисбатан қўлланилиши мумкин.

Ва ниҳоят, Россиянинг тоғ-кон саноатига инвестицияларга эмбарго қўйиш, 169 та рус компаниясига икки томонлама технологияларни сотишни тақиқлаш, Москва кредит банки (МКБ) ва Узоқ Шарқ банки активларини музлатиш эҳтимоли бор.

Брюсселдаги музокаралар чоғида тўққизинчи санкциялар пакети тафсилотлари ҳали ўзгариши мумкин.

ЕИнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел йиғилиш бошланишидан олдин пакет 12 декабрь ёки 13 декабрь куни тасдиқланишига умид билдирди. Европа дипломатлари Венгрия Европа Иттифоқи фондларидан ўзи учун мўлжалланган маблағларни олиш мақсадида бир қатор қарорларни блоклашга уриниши мумкинлигидан хавотирда. «Бу шантаж дипломатиясининг ўзига хос тури, биз буни кўрмаслигимиз маъқул эди, аммо бу шундай», — дея Reuters агентлиги Европа Иттифоқининг юқори мартабали дипломати сўзларидан иқтибос келтирган.

Аввалроқ Financial Times (FT) ўз манбаларига таяниб, Европа Иттифоқи Россияга қарши санкциялар бўйича махсус вакил тайинлаши ҳақида хабар берган эди. Кутилишича, бу Европа Иттифоқининг АҚШдаги собиқ элчиси Дэвид О'Салливан бўлади.

ЕИнинг юқори мартабали мулозимига кўра, 13 декабрь куни Еврокомиссия томонидан янги лавозимни белгилаш бўйича қарор қабул қилиниши кутилмоқда. Дэвид О'Салливан 2023 йилнинг январида лавозимни эгаллаши мумкин. Айни пайтда Дэвид О'Салливан Ирландиядаги Халқаро ва Европа муносабатлари институти таҳлил марказига раҳбарлик қилади.

Мавзуга оид