Европа Иттифоқи Россияга қарши тўққизинчи санкциялар пакетини эълон қилди
Бу сафар тоғ-кон саноати, мудофаа тизими, банклар, самолёт ва дронлар учун эҳтиёт қисмлар, телеканаллар, шунингдек, юқори лавозимли амалдорлар, сиёсатчилар, пропаганда учун хизмат қилувчи санъаткорларга нисбатан санкциялар жорий этилди.
Россияга қарши санкцияларнинг тўққизинчи тўплами Европа Иттифоқининг (ЕИ) расмий журналида чоп этилди. Санкциялар нашр этилган кундан бошлаб кучга кирди.
ЕИ иккита рус банки - Москва кредит банки (МКБ) ва Узоқ Шарқ банкининг активларини музлатишга қарор қилди. Шунингдек, Бутунроссия минтақавий тараққиёт банки (БМТБ) билан ҳар қандай операцияларни олиб бориш тақиқланди.
Бундан ташқари, россиялик 140 га яқин шахс санкциялар остида қолди. Улар орасида Россия президентининг ёрдамчиси Максим Орешкин, Бош вазир ўринбосарлари Татяна Голикова, Виктория Абрамченко, Алексей Оверчук, федерал вазирлар Максут Шадаев, Александр Куренков, Олга Любимова, Сергей Кравцов, Валерий Фалков ва бошқалар, Федерал солиқ хизмати раҳбари Даниил Егоров, Давлат Думаси депутатлари ва Федерация Кенгаши аъзолари, миллиардер Юрий Ковалчукнинг рафиқаси Татяна, режиссёр Никита Михалков, қўшиқчи Григорий Лепс, телебошловчилар Борис Корчевников ва Марина Ким бор. Шунингдек, ўнлаб идора ва ташкилотларга, жумладан, барча парламент партиялари ва Роскомнадзорга қарши ҳам санкциялар жорий қилинган.
«Россия мудофаа ва хавфсизлик секторини технологик такомиллаштириш»га олиб келиши мумкин бўлган икки мақсадли товарлар ва технологияларни етказиб беришга янги чекловлар жорий этилди.
Россиянинг тоғ-кон саноатига янги сармоя киритиш тақиқланди, айрим «муҳим» хомашё билан боғлиқ фаолиятга инвестициялар бундан мустасно.
ЕИ экспорти тақиқланган авиамаҳсулотлар рўйхатини кенгайтирди – унга самолёт двигателлари ва уларни, шунингдек, дронларни бошқариш учун мўлжалланган эҳтиёт қисмлари қўшилди. Бу Россияга дрон двигателларини экспорт қилиш, шунингдек, унга дронларни етказиб бериши мумкин бўлган ҳар қандай учинчи давлатга экспорт қилиш тақиқланишини англатади.
Россиянинг тўртта телеканали - НТВ Мир, Россия 1, РEН ТВ ва «Первий канал» Европада трансляция лицензияларидан маҳрум қилинди.
Европаликларга Россияда реклама, бозорни ўрганиш ва жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш, шунингдек, маҳсулотни синовдан ўтказиш ва техник кўрикдан ўтказиш тақиқланди.
16 январдан бошлаб Европа Иттифоқи мамлакатлари фуқароларига Россия давлатининг бошқарув органларида ёки давлат томонидан назорат қилинадиган юридик шахслар, ташкилотлар ёки органларда ҳар қандай лавозимни эгаллаш тақиқланди.
Тўққизинчи санкциялар тўплами 7 декабр куни Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен томонидан расман эълон қилинган эди. Унинг таъкидлашича, аввалги пакетлар аллақачон Россияни сезиларли даражада «тишламоқда».
Мавзуга оид
00:36
Россия БМТнинг Суданда ўт очишни тўхтатиш резолюциясига вето қўйди
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
20:09 / 18.11.2024