Жаҳон | 17:07 / 21.12.2022
6892
2 дақиқада ўқилади

Харкив вилоятида 500 нафар украиналик фуқаронинг жасади топилди

Украина мудофаа вазири Олексий Резников Херсон вилоятининг озод қилинган ҳудудида янги оммавий қабр топилганини маълум қилди. 

Фото: Reuters

Унинг сўзларига кўра, 30 ноябрь куни Правдино қишлоғида дафн этилган 7 нафар фуқаро, жумладан, ўсмир қиз жасади топилган. Россия қўшинлари тинч аҳолига нисбатан зўравонликни тақиқловчи 4-Женева конвенциясини бузмоқда, деб ёзди Резников Twitter’да. 

Бундан ташқари, у Харкив вилоятининг босиб олинган ҳудудида ҳалок бўлганларни қидириш ишлари давом эттирилишини маълум қилди. Айни пайтда у ерда 500 дан ортиқ тинч аҳоли, жумладан, болалар жасади топилган, деди Украина Мудофаа вазирлиги раҳбари.

Аввалроқ Россия қўшинларининг Украинага кенг кўламли бостириб кириши бошланганидан бери 447 нафар бола ҳалок бўлгани хабар берилганди. Бундай маълумотлар Украина Бош прокуратураси офиси (БПО) томонидан ювенал прокурорларнинг расмий маълумотларига таянган ҳолда тақдим этилган. 

Уларнинг маълумотларига кўра, Россия тажовузи натижасида 856 нафардан ортиқ украиналик болалар турли оғирлик даражасидаги тан жароҳати олган. Умуман олганда, камида 1303 нафар бола жабр кўрган.

Болаларнинг аксарияти Донецк (426), Харкив (267) ва Киев (117) вилоятларида жабрланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид