Россия армияси 3 феврал, сешанбага ўтар кечаси Украинанинг бир қатор ҳудудларига яна оммавий зарба бермоқда, портлашлар содир бўлди. Бу ҳақда Telegram орқали Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари ҳамда Киев ва Харкив ҳокимиятлари хабар қилди. Россия зарбалари пайтида Киевда 20 даража совуқ, Харковда эса минус 22 бўлган.
«Россияликлар қаҳратон совуқда Киевга яна навбатдаги оммавий зарбани беришга қарор қилди. Ҳозирча Днипро туманидаги бир нечта кўп қаватли турар жой бинолари, таълим муассасаси ҳужум оқибатида шикастлангани ҳақида хабарлар келмоқда», — деб ёзди маҳаллий вақт билан соат 01:30 лар атрофида Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко. Киев шаҳар мэри Виталий Кличко эса пойтахтнинг Дарницкий туманидаги нотурар жой ҳудудига зарба теккани ва Днипро туманида болалар боғчаси биносида ёнғин чиққанини маълум қилди.
Бироз вақт ўтгач, Киев вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари ҳужум оқибатлари ҳақида маълум қилди. Унинг айтишича, Дарницкий туманида бир эркак жабрланган, шифокорлар унга жойида ёрдам кўрсатган. Шу туманда 25 қаватли ва 5 қаватли уй шикастланган, Днипро туманида эса 5 қаватли турар жой биноси шикастланган, яна икки жойда «душман объектлари парчалари очиқ ҳудудда» топилган, деб қўшимча қилди Ткаченко. Бундан ташқари, Киевнинг Печерский туманида АЁҚШ (ёнилғи қуйиш шохобчаси) биноси ва тўхтаб турган автомобиллар шикастланган, Шевченко туманида эса дастлабки маълумотларга кўра 22 қаватли турар жой биноси зарар кўрган, деди у.
Харкив шаҳар мэри Игор Терехов РФ шаҳарга баллистик ракеталар билан бир нечта зарба берганини, Слободской туманида икки марта зарба теккани қайд этилганини билдирди. Ўз навбатида Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов вилоятда ҳужумкор учувчисиз учиш аппаратилар ҳамда бошқариладиган авиабомбалар қўлланган бир нечта ҳужум бўлганини айтди. «Душман ўққа тутиши натижасида Харкивда икки киши жабрланди. 27 ёшли ва 58 ёшли эркаклар ҳозирда шифокорлар ёрдамини олмоқда», — деб ёзди у Telegram-каналида ҳамда Дергачи шаҳрида яна икки киши яраланганини қўшимча қилди.
Терехов зарбалар «мақсадли равишда энергетика инфратузилмасига» қаратилганини таъкидлади. Ҳокимият «оғир қарорлар қабул қилишга» мажбур бўлади, жумладан «энг йирик ИЭСдан биридан таъминланадиган 820 та уйга хизмат кўрсатувчи иссиқлик таъминоти тизимидаги иссиқ ташувчини ўчириш» керак бўлади, деб тушунтирди шаҳар раҳбари. «Критик инфратузилмага қилинган ҳужум бошқа вариант қолдирмаяпти. Мутахассисларимиз бошқа чиқиш йўлини кўрмаяпти», — деди у. Мэрнинг сўзларига кўра, шаҳарда 101 та «Матонат пунктлари» кеча-ю кундуз давомида ишлайди — у ерда исиниш ва гаджетларни қувватлаш мумкин бўлади. Зарур бўлса, ҳокимият қўшимча иситиш пунктларини ҳам ташкил этишини ваъда қилди.
















