Жаҳон | 19:06 / 22.12.2022
15710
2 дақиқада ўқилади

Россияда «Мигрантлар Федерацияси» тугатилди

Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Арманистон, Озарбойжон каби давлатлар вакилларини бирлаштирган жамоат ташкилоти фаолиятига суд томонидан барҳам берилди.

Фото: РИА Новости

Россия Олий суди Адлия вазирлигининг «Россия Мигрантлар Федерацияси»ни (РМФ) тугатиш тўғрисидаги даъвосини қаноатлантирди.

«Россия мигрантлари федерацияси Бутунроссия жамоат ташкилоти тугатилсин», дейилади қарорда.

Қарорда қайд қилинишича, ташкилот «Россия Федерацияси қонунчилигини қўпол тарзда бузган». Жумладан, 2021 йил сентябр-октябр ойларида ўтказилган аудит текшируви давомида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этмаган.

Бундан ташқари, РМФ ўз низомида кўрсатилмаган фаолият билан шуғулланган. Хусусан, 2018-2020 йилларда аралаш яккакурашлар (ММА) бўйича еттита халқаро турнир ўтказган.

РМФ вакиллари ва президенти Вадим Коженов даъволарни тан олмаган ва суддан даъвони рад этишни сўраган.

РМФ веб-сайтида айтилишича, ташкилот 2005 йилда «Россия Федерацияси президенти Администрациясининг ички сиёсат бўлими кўмагида хорижий диаспораларнинг нуфузли раҳбарларининг ташаббуси билан» ташкил этилган.

Шунингдек, РМФ - «собиқ иттифоқ республикалари – Тожикистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Арманистон, Озарбойжон, шунингдек, узоқ хорижий мамлакатлар – Ҳиндистон, Покистон, Непал, Афғонистон ва бошқа кўплаб диаспора вакилларини бирлаштирган жамоат ташкилоти» дейилган.

Веб-сайтга кўра, РМФ «мигрантларга рус тилини ўрганиш ва таълим олишда ёрдам беради, мослашиш марказларини яратиш ва мигрантларнинг ҳуқуқий ҳаётини таъминлашга ҳисса қўшади, экстремизм ва терроризмга қарши кураш олиб боради, бағрикенгликни тарғиб қилади ва кўплаб спорт ва маданий тадбирларни тизимли равишда ўтказади».

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид