Жамият | 09:18 / 27.12.2022
45384
1 дақиқада ўқилади

Марғилондаги мактабда ўқувчининг қариндошлари ўқитувчини урди

Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида жойлашган 15-мактабда ўқувчининг қариндошлари ва ўқитувчилар ўртасида жанжал юзага келди.

Видеодан кадр

Вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, жанжал 19 декабр куни кундузи соат 12:30 атрофида кўтарилган. Шу мактабнинг 7-синфида ўқувчи боланинг холаси ва аммаси келиб, мусиқа фани ўқитувчисини ҳақорат қилган, кимё фани ўқитувчисига тан жароҳати етказган.

«Мактабга директор қўйилганига 1 ой бўлди, унгача раҳбар йўқ эди. 19 декабрда содир бўлган жанжал ошкор бўлмаслигига шу мактабда раҳбар йўқлиги сабаб бўлган. Ҳозир вазият ўрганилмоқда, ички ишлар органлари томонидан судга ҳужжатлар киритилган», деди Фарғона вилояти ХТБ матбуот котиби Одилжон Жалолов.

Расмий изоҳга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳолат ўрганилиб қонуний баҳо бериш чоралари кўрилган. Ўрганиш натижалари тез орада эълон қилиниши маълум қилинди.

Мавзуга оид