13:08 / 31.12.2022
17258

Устозларнинг таҳқирланиши, коррупционерларнинг қамалиши — Андижонда 2022 йил воқеалари

Андижон – шов-шувли воқеалар энг кўп рўй берадиган ҳудудларимиздан. Якунланаётган 2022 йил ҳам бундан мустасно бўлмади. Kun.uz'нинг Андижондаги мухбири йил давомида вилоятда рўй берган муҳим воқеаларни жамлади.

Андижон вилояти ҳокими 2022 йилнинг илк кунларидаёқ жамоатчилик эътиборига тушди. Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг ташрифидан кейин, мораторийга қарамасдан, Андижондаги туғуруқхона ҳовлисида 12 туп дарахт кесиб ташланди. Марказ ходимларидан бири Kun.uz билан суҳбатда дарахтларни кесиш вилоят ҳокимининг топшириғига асосан қилинганини айтган бўлса-да, якунда шаҳар ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи жазога тортилди.

Бу хабар совиб улгурмасидан йилнинг энг шов-шувли воқеаси юз берди – Марҳамат туманида ўқитувчилар ота-оналар олдида узр сўрашга мажбурланди. Тумандаги 72-сонли ихтисослаштирилган мактабда 300 нафардан ортиқ ота-она қаршисида мактаб жамоаси бошини эгганча кечирим сўрашди. Гувоҳларнинг айтишича, бу – туман ҳокими Бобурбек Йўлдошевнинг ташаббуси бўлган. Топшириқ ижросини таъминлаш ҳокимнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Мухторжон Қурбонов ва туман халқ таълими бўлими мудири Алияхон Абдувоҳидова зиммасига юкланган.

Бу узрбозлик жамоатчиликнинг кескин эътирозларига сабаб бўлди. Вилоят ҳокими, туман ҳокими ва вилоят Халқ таълими бошқармаси бошлиғи узр сўраб, чиқиш қилишди. Якунда эса туман ҳокими ҳайфсан билан қутулди, унинг ўринбосари, ХТБ мудираси ва мактаб директори ишдан олинди.

“Андижонча” тажрибаларнинг ҳаммаси ҳам ўзини оқлайвермайди. Шундай тажрибалардан бирида бозорда 35-45 минг сўм атрофида сотилаётган товуқлар аҳолига 85-95 минг сўмдан ўтказилди. Камига кредитга. 100 та товуқ бир кунда нари борса 30 та тухум қўйган. Уларнинг катта қисми эса нобуд бўлган. Маҳаллий бюджетнинг 10 миллиард пули паррандачиликка йўналтирилиб, хонадонларга товуқ берилган. Лекин одамлар ҳокимлик ташаббуси билан банклар орқали кредитга берилаётган товуқларнинг нархи бозордагидан икки-уч баробар қиммат экани, тухум қилмаётгани, касалликка чалиниб тез ўлиб қолаётгани ва дон билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлаётганидан норози бўлишган. Оқибатда эса бу ташаббус ҳам охирига етмасдан тўхтатилди, бюджетдан 10 миллиард пул сарфлангани қолди холос.

Йил давомида муҳокама марказида бўлган Андижон шаҳрининг собиқ ҳокими Баҳромбек Ҳайдаровни йил антиқаҳрамони десак бўлаверади. Дастлаб, мурожаатлар ортидан Андижон шаҳрига борган ёки шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровдан изоҳ олмоқчи бўлган журналистлар унинг “тансоқчиси”, яъни аллақандай аёлнинг “ҳужумига” учраётгани кенг муҳокама қилинди. Ҳокимнинг бу ҳимоячиси Kun.uz мухбирига ҳам суриштирув ўтказишда иккита марта халал берган.

Бу тансоқчиси Баҳром Ҳайдаровга узоқ ёрдам беролмади. Ҳоким коррупцион жиноятлари учун 10 йилга қамалди. Маълум бўлишича, Ҳайдаров вилоят молия бошқармасида ишлаган вақтлари каттагина пулларни ўзлаштириш учун жиноий гуруҳ тузган. Гуруҳ аъзолари сони 45 нафар. Улар орасида Андижон шаҳрининг собиқ прокурори Қурбонали Асқаров ҳам бор, у 10,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Вилоят ХТБ собиқ раҳбари Азизбек Миркомилов эса 5 йилга “кесилди”. Андижон шаҳар ХТБнинг собиқ бош ҳисобчиси Саида Йўлчиева эса салкам 8 йилга қамалди.

Бу гуруҳнинг жиноятлари оқибатида етказилган зарар 63 млрд сўмдан ошади. Унинг 16 млрд сўмдан ошиғи қопланган, қолгани эса судланувчилардан солидар тартибда ундирилади.

Бу йил Андижонда номи достон бўлган ҳоким фақат Баҳром Ҳайдаров эмас. Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев фуқароларни айвончада ўтирган ҳолда, худди хонлардек қабул қилди, фуқароларга айвонча остонасидан жой берилди. Бунинг учун у Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов ўтказган селекторда ишдан олинди.

Бу селекторда бошқа раҳбарлар ҳам шармандаларча ишдан ҳайдалди. Улар орасида Андижондан Асака ва Пахтаобод туманлари ҳокимлари ҳам бор. Асака ҳокими Мансурбек Алихонов ер ажратишдаги қонунбузарликлари, Пахтаобод ҳокими Элёрбек Усмонов эса ваколатидан четга чиққани учун лавозимидан олинди.

Қисқа қилиб айтганда, Андижон вилоятида 2022 йилги энг шов-шувли воқеалар марказида асосан ҳокимлар турди. Жиддий ўзгаришлар кутилмаётгани, айниқса ҳокимлар сайлови масаласи бекор қилинганини ҳисобга олсак, бу каби ҳолатлар кейинги йилларда ҳам давом этишини кутсак бўлади.

Top