Жаҳон | 18:34 / 10.01.2023
7466
2 дақиқада ўқилади

Эрон собиқ президентининг қизи 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Фоиза Ҳошимий норозилик намойишларида қатнашишда айбланган.

Фото: AP

Эрон собиқ президенти Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний қизи беш йилга озодликдан маҳрум этилди.

Фоиза Ҳошимийга ўтган йилнинг сентябр ойида бошланган норозилик намойишларида иштирок этганлик айби қўйилган. Унинг адвокати Нида Шамснинг маълум қилишича, судьялар Фоизани «ҳукуматга қарши ташвиқот» ва «жамоат тартибини бузиш»да айбдор деб топган.

Адвокат сўзларига кўра, суд қарори устидан шикоят қилиниши мумкин. Бироқ, ҳали ҳам панжара ортида қолаётган Фоиза Ҳошимий устидан бошқа жиноят ишлари ҳам очилган. Аёл 2022 йил 27 сентябр куни Теҳронда «намойишларни қўзғатганлик»да айбланиб ҳибсга олинган эди.

Эронда норозилик намойишлари бир неча ойдан бери давом этмоқда. Ўтган йили сентябрда Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан рўмолни нотўғри ўрагани учун ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминий бир неча кун ўтгач, шифохонада вафот этди. Шундан кейин бутун мамлакат бўйлаб норозилик намойишлари бошланди.

Расмийлар декабр ойи бошида 200 дан ортиқ одам ўлганини эълон қилган бўлса, хорижлик ҳуқуқ фаоллари 27 декабр куни 476 нафар намойишчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди.

Шу билан бирга, Эрон оммавий ахборот воситалари мамлакат ҳуқуқ-тартибот идораларининг 60 дан ортиқ ходими ҳалок бўлгани ва минглаб намойишчилар ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Али Акбар Ҳошимий Рафсанжоний 1989-1997 йилларда Эрон президенти бўлган. У 2017 йилда 82 ёшида вафот этган.

Мавзуга оид