Жаҳон | 20:01 / 17.01.2023
10853
1 дақиқада ўқилади

Германияда янги мудофаа вазири тайинланди

Германия канцлери Олаф Шолц мамлакатнинг янги мудофаа вазири Борис Писториус бўлганини тасдиқлади. Бу ҳақда давлат раҳбари Twitter’да ёзди.

Фото: Reuters

Шолц ўз хабарида Писториусни «ажойиб сиёсатчи» деб атади.

«У тажрибаси, малакаси ва қатъиятлилиги, шунингдек, катта юраги туфайли бурилиш даврида Бундесверга энг керакли одамдир», деб ёзди канцлер.

Писториус Германия Социал-демократик партиясининг аъзоси, сўнгги ўн йил давомида у Қуйи Саксония федерал ҳудудининг Ички ишлар ва спорт вазирлигини бошқарган. Бунгача сиёсатчи Оснабрюк мэри бўлган (2006 йилдан 2013 йилгача).

Собиқ мудофаа вазири Кристина Ламбрехт бир кун аввал, 16 январ куни расман истеъфога чиқди. У Украинага ҳарбий ёрдам берилмагани, армия ислоҳотининг кечикиши ва Германия омборларида ўқ-дорилар йўқлиги учун танқид қилинган эди.

 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид