Ўзбекистон | 12:20 / 18.01.2023
2636
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Бруней ўртасида тўғридан тўғри авиақатновлар ташкил этилади

Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон ва Бруней транспорт вазирликлари ҳамда Uzbekistan Airports, Marokanda Air ва Royal Brunei Airlines авиакомпаниялари раҳбарлари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Kun.uz

1974 йилда ташкил этилган Royal Brunei Airlines Брунейнинг давлатга қарашли миллий авиакомпанияси ҳисобланади. Бугунги кунда компания Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Европа, Австралия ва Океаниянинг 20 йўналиши бўйлаб мунтазам парвозларни амалга оширмоқда.

Музокаралар чоғида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари, Royal Brunei Airlines авиакомпаниясининг Ўзбекистонга тўғридан тўғри ҳаво қатновларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Биринчи қадам сифатида ҳаво қатнови тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш орқали ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш таклиф этилди. Икки давлат бозорларини ўзаро ўрганиш мақсадида республика авиакомпаниялари билан код-шер ёки интерлайн келишув асосида ўзаро ҳамкорлик қилиш имконияти қайд этилди.

Бруней Транспорт ва ахборот коммуникациялари вазирлигининг Авиацияни ривожлантириш департаменти бошлиғи Лайлатул Зурайда икки давлат авиация маъмурияти ва аэропортларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, зиёрат туризми, «Умра +» дастури доирасида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.

Учрашув якунлари бўйича Бруней Транспорт ва инфокоммуникация вазирлиги ҳамда Royal Brunei Airlines авиакомпанияси вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид