Тузли муз-қор Бўрижар каналига тўкилди. Вазирлик баёноти қуруқ гапмиди?
Тошкент кўчаларидаги музлаган қор уюмлари йиғилиб, полигонлар билан бирга Бўрижар каналига ҳам тўкилди. Тузли аралашмадан иборат бу қорлар канал экотизими учун оғуга айланиши мумкин. Табиат вазирлиги бу ҳолат тўхтатилиб, назоратга олинганини айтиб берган баёнотининг эртасига ҳам бу номаъқулчилик давом этаверди.
18-19 январ кунлари Тошкент шаҳри бўйлаб кўчалар қор ва муздан оммавий тозаланди. Кўчалардан йиғиб олинган қор ва муз қолдиқлари нафақат полигонлар, балки Бўрижар каналига ҳам олиб келиб тўкилди.
Жамоатчилик музни эритиш учун кўчаларга сепилган туз ва қум аралашмаси заҳарли бўлиб, сувдаги жониворлар ва канал бўйидаги ўсимликлар дунёсига зарар етказишидан хавотир билдирди.
Кўчалардан йиғилган қор ва муз юк машиналарда Бўрижар каналининг Чилонзор тумани Новза кўчасидан ўтган қисмига – йўл юзига тўкиб кетилди.
Kun.uz билан суҳбатда юк машиналарда қор ва музни канал бўйига тўкиб кетаётган ҳайдовчилар ҳам, оғир техникалар ёрдамида йиғилган қор уюмларини сувга оқизиб юбораётган ишчилар ҳам айнан ким бу топшириқни берганини очиқлашмади.
“Бошқалар ҳам қорни шу ерга олиб келиб тўкишаётганди, шуни кўрганимиз учун биз ҳам шу ерга олиб келиб тўкдик. Ҳеч ким бизга олиб бориб ўша ерга тўк дегани йўқ. Ўтган куни кечқурун ҳам юк машиналарида олиб келиб тўкишаётган эди, бугун ҳеч ким бўлмаганини кўриб биз ҳам шу ерга олиб келгандик”, дейди ҳайдовчилардан бири.
“Ҳашардамиз, машинамдаги қор ва музни Сенатнинг олдидан тозалаб олиб келяпмиз. Бугун биринчи марта шу ерга олиб келиб тўкяпман”, дейди бошқа бир ҳайдовчи.
Миробод тумани ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Ғофурхўжа Жонхўжаев Kun.uz'га берган интервьюсида кўчаларни тозалаш натижасида тўпланган, музлаган тузли қорлар Ўртасаройдаги чиқиндихонага олиб бориб ташланиши кераклигини таъкидлаганди. Демак, кимлардир узоқ масофадаги чиқиндихонага боргиси келмаганидан ёки ёқилғини тежамоқчи бўлганидан мана шу “инновацион” ечимни ўйлаб топган кўринади. Балки ҳайдовчилар ишдан айрилишдан қўрқиб, топшириқни ким берганини айтишни исташмагандир, бу ёғи бизга қоронғи.
Қор уюмлари канал бўйига палапартиш тўкиб кетилгани оқибатида тротуардан пиёдалар ҳаракатланишига ҳеч қандай имконият қолмади. Қор, муз, туз ва балчиқ аралаш заҳарли чиқиндилар автомобил йўлининг ярмигача чиқиб кетди, бу эса ҳайдовчиларга кўплаб мураккабликларни юзага келтирди.
Сувга оқизиб юборилаётган туз аралашмали қор атроф-муҳитга қандай зиён етказиши мумкин?
“Кўчаларда музлаган қорларни йиғиб олиб келиб шу ерга тўкишаётгани ҳақида бизга мурожаат келиб тушди. Мурожаатга асосан ҳудудга чиқиб ўрганиш ишларини олиб боряпмиз, тегишли тартибда лаборатория намуналари олинди. Таҳлил натижалари юзасидан қўшимча маълумот берамиз”, деди биз билан суҳбатда Тошкент шаҳар Табиат ресурслари бошқармаси Чилонзор тумани бўлими мутахассиси Фарҳод Болтабоев.
Табиат ресурслари вазирлигининг муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат юзасидан 18 январ оқшомида баёнот берган эди. Баёнотда пойтахт кўчаларидан тозаланган қорларни белгиланмаган ҳудудларга жойлаштириш ҳолатлари тўхтатилгани, тегишли ташкилотларнинг ходимлари билан тушунтириш ишлари олиб борилгани, келгусида бу каби ҳолатларни такрорламаслик бўйича кўрсатмалар берилгани ва бу кўрсатманинг бажарилиши назоратга олингани айтилганди.
Ваҳоланки, Kun.uz юқоридаги видео ва суратларни 19 январда, вазирлик баёнотидан кейинги кунда тасвирга олди. Яъни аслида бу номаъқул иш тўхтатилмаган, бу топшириқни ҳеч ким назоратга олмаган бўлиб чиқди.
Табиат вазирлиги муаммоли вазият юзасидан амалий ҳаракатга ўтиб, табиатга зарар келтирилгани ёки йўқлигини аниқлаб, зарар етказилгани аниқ бўлган тақдирда тегишли чораларни кўрадими-йўқми – буни вақт кўрсатади.
Мавзуга оид
17:02
Тошкентда 4 млн дона пиротехника буюмлари йўқ қилинди
15:28
Светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланган Malibu пиёдани уриб юборишига оз қолди
21:43 / 21.11.2024
Тошкентда подъездда қолдирилган велосипед ва коляскалар ППХ томонидан олиб кетилмоқда
19:18 / 21.11.2024