Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Украина Германиядан «кучли танклар коалицияси» тузишни сўради
Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, Германия ишлаб чиқарувчи давлат сифатида нафақат бошқа давлатлар томонидан Leopard танкларини экспорт қилишни маъқуллаши, балки уларни Киевнинг ўзига етказиб бериши керак.
Украина ташқи ишлар вазири ўринбосари Андрей Мелник Германия ҳукуматини Киевни қўллаб-қувватловчи «кучли танклар коалицияси»ни тузишга чақирди. «Украиналиклар Рамштайн саммитидан сўнгги қурол тизимларини етказиб беришда ҳақиқий ютуқни кутишмоқда», деди Мелник 20 январь, жума куни чоп этилган Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) гуруҳига берган интервьюсида.
«Рамштайн йиғилишида ҳукуматга энг катта илтимос - Германия Leopard масаласи бўйича ўзининг ғалати блокадасини тўхтатибгина қолмай, балки ҳақиқий етакчиликни намойиш этиши ва Украина учун кучли танк коалициясини ташкил этиши лозим», — деди у. Мелник бундай «танк иттифоқи»ни яратиш ташаббуси ҳақида октябр ойида Украинанинг Германиядаги элчиси лавозимини тарк этганида гапирган эди.
Украина Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосарининг сўзларига кўра, Германия ишлаб чиқарувчи давлат сифатида Финландия ва Полша каби бошқа давлатлар томонидан Leopard танклари экспорт қилинишини маъқуллабгина қолмай, балки уларни Украинага ўзи етказиб бериши керак. Мелник, шунингдек, Киев ҳукумати Германиянинг янги мудофаа вазири Борис Писториусдан умидлари катта эканига ишора қилди. У Германиядан Украинага ҳарбий ёрдамни сезиларли даражада кенгайтириши кутилмоқда, деди у.
Германиянинг янги мудофаа вазири Борис Писториус Германиянинг Украинани қўллаб-қувватлашга тайёрлигини тасдиқлаб, Берлин ўз иттифоқчилари билан елкама-елка туришини таъкидлади.
«Биз ҳамкорларимиз билан биргаликда Украинани эркинлик, ҳудудий мустақиллик ва суверенитет учун курашида қўллаб-қувватлашда давом этамиз», — деди у Берлинда америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан учрашув олдидан. У Киевга Leopard 2 жанговар танкларини етказиб бериш ҳақидаги баҳсли масалага тўхталмади.
Айни пайтда НАТОнинг Европадаги иттифоқчи кучлари бош қўмондони, америкалик генерал Кристофер Каволининг фикрича, Украинага ҳарбий ёрдам бериш масаласи муҳокама қилинаётганда ҳеч қандай қурол турига ёпишиб олмаслик керак. «Барча муаммоларни сеҳрли тарзда ҳал қиладиган махсус қурол тизими йўқ. Бу масалада барча тизимлар мувозанати муҳим», - деди у НАТО ҳарбий қўмитаси йиғилишидан сўнг.
НАТО ҳарбий қўмитаси раҳбари Роб Бауэр, ўз навбатида, Киевга «ҳар қандай қурол-яроғ керак эканини» таъкидлади. Бироқ, унинг сўзларига кўра, «Россия танклар билан жанг қилмоқда, шунинг учун Украинага улар ҳам керак».
20 январь куни Германиянинг Рамштайн шаҳридаги АҚШ ҳарбий базасида Ғарб иттифоқчиларининг Украинага ёрдам кўрсатиш бўйича навбатдаги конференцияси бўлиб ўтади. Киевга янги турдаги қуроллар, жумладан, Leopard танкларини етказиб бериш учрашувнинг асосий мавзусига айланиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
10:30
Журналистлар: Украина урушида камида 227 минг россиялик ҳарбий ҳалок бўлган
16:13 / 22.06.2026
Украина Воронеждаги мудофаа заводига ҳужум қилди – фотолар
10:35 / 22.06.2026
Украина Германия ишлаб чиқараётган 600 та ракетага буюртма берди
11:35 / 21.06.2026