Жамият | 22:18 / 25.01.2023
43972
6 дақиқада ўқилади

Ақлга сиғмайдиган ҳодиса: ёнаётган онадан бола туғилди

Фарғона шаҳри кўчаларидан бирида “Матиз” машинасида ёнғин келиб чиқди. Ҳайдовчи машинадан тушиб қолишга улгурган, лекин унинг орқа ўриндиқда бўлган 36 ёшли ҳомиладор хотини куйиш оқибатида вафот этган. Воқеа жойига етиб борган тез ёрдам шифокорлари ёнаётган машинада туғилган чақалоқни қутқариб қолишган. Лекин у ҳам 3 соатдан кўпроқ яшаган холос.

Kun.uz мухбири суриштирувидан маълум бўлишича, даҳшатли ҳодиса эр-хотиннинг ўзаро зиддияти туфайли содир бўлган бўлиши мумкин.

Суриштирув органига кўра, машинанинг орқа ўриндиғида бўлган ҳайдовчининг турмуш ўртоғи М.Х. ўзи билан уйидан олиб чиққан пластмасса идишдаги бензинни турмуш ўртоғи М.У.га, кейин эса ўзи ва машина салони ичига сепиб, ёқиб юборган.

Автомобил ёнган жой

М.У. машинадан чиқиб кетишга улгурган. Ҳомиладор турмуш ўртоғи эса аланга ичида қолиб кетган. Кўнгилсиз ҳолат ортидан она қорнидаги 32 ҳафталик бўлган чақалоқ аввалига тирик қолганига қарамай кейинчалик шифохонада вафот этган.

Вилоят ВФБ матбуот котиби Аҳлидин Алижонов ҳолат бўйича қуйидагиларни маълум қилди:

24 январь куни соат 19:17да Фарғона шаҳри “Беруний” МФЙ Марғилон кўчасида йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб турган Матиз автомашинаси ёнаётгани бўйича Фарғона вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси марказий диспетчерлик хизматига хабар келиб тушди.

Ёнғин қолдиқлари

Ёнғин қутқарув экипажи айтилган манзилга 19:19да етиб бориб, 19:20да ёнғин қуршаб олиниб, 19:24 да ёнғин бутунлай ўчирилган”.

Фарғона шаҳар тез тиббий ёрдам маркази фельдшери Сафарали Сувонов воқеа жойига етиб бориб, она қорнидан чиқиб қолган чақалоқ киндигини қирқади ҳамда уни зудлик билан яқин орадаги шифохонага олиб боради.

Сафарали Сувонов

Чақирувдан кейин ҳодиса содир бўлган жойга зудлик билан етиб бордик. Биз борган пайтда олов ўчирилган, машина эшикларини бузишаётган экан. Атрофда йиғилган одамлар машина салонидан овоз чиқаётгани, чақалоқ инграётгани ҳақида айтиб қолишди. Ҳақиқатан ҳам машина олди ўриндиғида чақалоқ овоз чиқараётганининг гувоҳи бўлдик. Машина ичига кириб болани кўтариб турдим. Мен билан бирга борган шифокор Иқбол Абдуллаев чақалоқ киндигини қайчи билан кесди. Салондаги ис газидан бир муддат гангиб қолдим.

Чақалоқ қутқарилиш жараёни (видеодан кадр)
Чақалоқ қутқарилиш жараёни (видеодан кадр)

Болани “адёл”га ўраб яқин орадаги раддомга олиб бориб топширдик. Шифокорлар бизга бола нафас олаётгани, кислородга улашганини айтишди.

Бундай ҳолат иш фаолиятим давомида биринчи марта кузатиляпти. Рости ҳолатдан ўзимни йўқотиб қўйдим. Кўзимдан ёш қалқиб чиқиб кетди. Болани машинадан олаётганимда кўзим унинг сочига тушди. Сочи аллақачон қорайиб қолган экан. Кейинроқ бола нобуд бўлганини айтишди”, – дейди у.

Тез тиббий ёрдам чақирув шифокори Иқбол Абдуллаев ёнаётган аёлдан тирик фарзанд туғилишини мўъжиза, дея таъкидлади:

Иқбол Абдуллаев

Нефтчи стадиони ёнида машина ёнаётгани бўйича чақирув бўлди. Машина атрофига йиғилганлар салонда ҳомиладор аёл борлигини айтиб қичқиришарди. Аёл ёниб куйиб кетган эди. Даҳшатли ҳолат томошабинлар ҳам таъсир қилиб уларнинг кўпини соғлиги ёмонлашган экан. Уларга ҳам биринчи ёрдам кўрсатдик. Орада салон ичида чақалоқ овози чиқаётганини айтишди. Фельдшер Сафарали Сувонов чақалоқни кўтариб турди.

Мен чақалоқни онасидан ажратиб қайчи билан киндигини кесдим.Фельдшер билан бирга чақалоқни киндигини кесиб олиб, оғиз бўшлиғи, нафас йўлларини тозалаб, тезлик билан туғуруқхонага олиб бордик.

Иш фаолиятим давомида бундай ҳолатга биринчи марта дуч келдим. Ёнаётган аёлдан тирик фарзанд туғилиши бу мўъжиза эди”.

Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмаси туғуруқхона бўлими шифокори Саида Муслимованинг айтишича, чақалоқ шифохонага олиб келингандан кейин 3 соат 5 дақиқа давомида яшаган.

Саида Муслимова

24 январ куни туғуруқхонада навбатчи эдим. Тез ёрдам машинасида оғир куйиш даражаси билан чақалоқ олиб келишди. Аҳволи ўта оғир эди. Дарҳол реанимация бўлимига олиб кириб керакли тиббий ёрдам бердик. III даражали 100 фоизли куйиш жароҳати олгани учун чақалоқ бор-йўғи 3 соат 5 дақиқа яшади. Боланинг вазни 1 800 грамм бўлиб ўғил эди.

Иш фаолиятимда биринчи марта бундай ҳолатга дуч келганим учун бўлса керак, ҳолатдан саросимага тушдим”, – дейди Саида Муслимова.

Ҳайдовчи М.У. ва куйиш оқибатида вафот этган турмуш ўртоғи М.Х.ни таниган билганларнинг айтишича, оилада зиддиятлар тез-тез бўлиб турган. М.У. турмуш ўртоғи М.Х.га шаръий никоҳ асосида уйланиб, Фарғона шаҳар Қўқон кўчасида кўп қаватли уйлардан бирини ижарага олиб берган. Ҳодиса содир бўлган куни йигит турмуш ўртоғи ҳомиласини текширтириш учун шифохонага олиб кетаётган бўлган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг маълум қилишича, фуқаро М.У. Матиз машина бошқарувида ҳомиладор турмуш ўртоғи (шаръий никоҳ асосида), 1987 йилда туғилган М.Х.ни шифохонадан яшаш хонадонига олиб кетаётган вақтида, турмуш ўртоғи уни рашк қилиши оқибатида жанжаллашиб кетган.

Автомашина орқа ўриндиғида ўтирган М.Х. ўзи билан уйидан олиб чиққан пластмасса идишдаги бензинни дастлаб турмуш ўртоғи М.У.га, кейинчалик эса ўзи ва машина салони ичига сепиб, ёқмоқчи бўлган.

Турмуш ўртоғининг ушбу ҳаракатидан қўрқиб кетган М.У. машинадан тушиб, ташқарига қочган вақтда М.Х. ёндиргич (зажигалка) билан ўзини ва машинани ёқиб юборган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми “б” банди (ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сарвар Зияев,
Жаҳонгир Алибоев,
Kun.uz

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид