Жамият | 16:23 / 25.01.2023
22468
1 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда онасидан ажралиб қолган айиқ боласи топилди

24 январь куни Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги «Узун» давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида онасидан ажралиб қолган 1 дона қўнғир айиқ боласи топилди.

Ўрмон назоратчилари айиқ боласини ўрмон хўжалигига олиб борган. У ўрмон хўжалиги биносида  ичимлик суви, сабзавотлар, ўрмон мевалари ва нон бўлаклари билан озиқлантирилиб, вақтинчалик сақлаб турилган.

Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган Тян-Шан қўнғир айиғи турига мансуб бўлган ушбу айиқ боласи онаси уйқуга кетишидан олдин адашиб қолгани тахмин қилинмоқда.

Қишнинг ҳозирги совуқ кунларида унинг ёввойи табиатда озуқа тополмай нобуд бўлиши ҳамда браконьерлар томонидан овланиши эҳтимоли юқори экани инобатга олиниб, Табиат ресурслари вазирлиги томонидан айиқ боласи ветеринария кўригидан ўтказиш ва вақтинча сақлаб туриш мақсадида Тошкент ҳайвонот боғи қошидаги реабилитация марказига топширилмоқда.

Вазирлик ҳамда Тошкент ҳайвонот боғи мутахассислари баҳор фасли бошида ушбу айиқ боласини «Узун» давлат ўрмон хўжалигидаги табиат бағрига қўйиб юборишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид