Ўзбекистон | 18:27 / 01.02.2023
17825
2 дақиқада ўқилади

Президент мактабда касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди

Андижон туманидаги 55-мактабнинг ертўласи тадбиркорларга ажратиб берилган. Бу ерда юқори синф ўқувчилари тикувчилик, мебелчилик, қандолатчилик, косибчилик, сават тўқиш, кўрпа-тўшак тикиш каби йўналишларни ўрганмоқда. Мактаб ҳудудида автотеххизмат, пайвандлаш, типография, компьютер хизмати ва салонлар бор.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг халққа мурожаатномасида мактаб ўқувчиларини хорижий тиллар ва касб-ҳунарга ўргатиш заруратини айтган эди. 20 январь куни бу борадаги вазифалар бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилиши режалаштирилди.

Бу мақсад жойларда ҳаётга кўча бошлади. Хусусан, Андижон туманидаги 55-умумтаълим мактаби таъмирланиб, қўшимча шароитлар яратилди. Мактабнинг бўш турган ертўласи тадбиркорларга ажратиб берилиб, ёшларни касбга йўналтириш йўлга қўйилди.

Президент ушбу хоналарни кириб кўрди.

Мактабнинг юқори синф ўқувчилари бу ерда тикувчилик, мебелчилик, қандолатчилик, косибчилик, сават тўқиш, кўрпа-тўшак тикиш каби йўналишларни ўрганмоқда. Шунингдек, мактаб ҳудудида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш, типография, компьютер хизмати ва салонлар ташкил этилган.

Давлат раҳбари касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди.

- Эътибор берсангиз, касб эгалламай ўқишни битирганлар ҳаётда қийналади, иш тополмайди. Кимнинг қўлида ҳунари бўлиб, чет тилини билса, йўли очиқ. Сизларда шундай имконият бор. Ўзингизни қийнаб, қунт билан билим олинг, ҳунар ўрганинг. Қарорлар, саъй-ҳаракатлар қачон натижа беради? Мутахассис зўр бўлса. Инвесторлар ҳам кадрларнинг билим ва малакасига ишониб келади. Мамлакатимизнинг энг катта бойлиги - ёшлар, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид