Жаҳон | 10:33 / 02.02.2023
15357
4 дақиқада ўқилади

Берлин: Украинадаги урушни воситачилар эмас, балки Россия тўхтата олади

Германия ҳукумати фикрича, Россия урушни тўхтатишга тайёрлигини кўрсатмагунча, Украинадаги вазиятни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича саъй-ҳаракатларда воситачилик қилишдан маъно бўлмайди.

Олаф Шольц / Фото: Glomex

Германия ҳукумати канцлер Олаф Шольцнинг ташрифи чоғида Бразилия президенти Луис Инасиу Лула да Силва томонидан билдирилган Россиянинг Украинага қарши урушини тўхтатиш бўйича халқаро воситачилик таклифини салбий қабул қилди. Шольц билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган қўшма матбуот анжуманида да Силва тинч йўл билан келишув бўйича «жуда кам» мулоҳазаларни эшитганини таъкидлади ҳамда Москва ва Киев ўртасидаги музокараларда воситачилик қилишни таклиф қилди.

«Менда ҳозир эҳтимолий воситачилар етишмовчилиги йўқлиги, бироқ, биринчи навбатда, Россия томонининг Украинага қарши агрессив урушни тўхтатиш, қўшинларни олиб чиқиш ҳамда ҳалол ва ошкора тинчлик музокараларига киришишга тайёрлигидан дарак йўқ, деган таассурот бор».

1 февраль, чоршанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Германия ҳукумати расмий вакили Штеффен Хебештрайт Бразилия президенти таклифига шундай изоҳ берди. Бунинг ўрнига, Россия Украинанинг фуқаролик инфратузилмасига қарши ҳаво ҳужумларини давом эттирмоқда ҳамда Украина чегарасига қўшимча аскар ва қурол-яроғ тўпламоқда.

Хебештрайт бундай ғояларга «кўр-кўрона ишониб қўймаслик»ни маслаҳат берди ва бошқа хорижий сиёсатчилар, хусусан, Туркия президенти ва яқинда Исроилнинг янги бош вазири Россия-Украина қуролли можаросини ҳал қилиш учун ўзларини воситачи сифатида таклиф қилганини эслатди. Бироқ, Берлинга кўра, Россия воситачилик саъй-ҳаракатларига жавоб беришга тайёр эмас.

Штеффен Хебештрайтнинг айтишича, Россиянинг Украинага қарши уруши Шольцнинг нафақат Бразилия президенти, балки Аргентина ва Чили раҳбарлари билан ҳам юзма-юз музокаралари мавзуси бўлди. Унинг эслатишича, Германия канцлери, шунингдек, Германия ташқи ишлар вазири доимий равишда Украина томонида турган ва Россия агрессиясини қайтариш учун унга ҳарбий ёрдам кўрсатишга тайёр бўлган давлатлар доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Шу нуқтайи назардан, Берлин Бразилиянинг Украинага топширилган Gepard ўзиюрар зенит қурилмалари (ЎЗҚ) учун арсеналларида мавжуд бўлган ўқ-дориларни етказиб беришдан бош тортганидан ҳафсаласи пир бўлди. Германиянинг ўзида бу ЎЗҚ учун снарядлар ишлаб чиқариш тўхтатилди. «Бразилия президенти Бразилия юз йилдан ортиқ уруш олиб бормаганини ва бундай можароларда бетараф эканини эслатди», — деди Лотин Америкасига сафарида канцлерга ҳамроҳлик қилган Хебештрайт.

Аргентина ва Чили ҳам Киевга ҳарбий ёрдам беришни истамайди, ваҳоланки, учала давлат ҳам, Германия ҳукумати вакилига кўра, Украинага ҳужум қилиб, Россия халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомини бузганлигини, чегараларни куч билан ўзгартириш ҳамда бошқа давлат ҳудудини эгаллаб олишга уринаётганини тушунади. 

«Аммо ҳар бир давлат қандай ёрдам кўрсатишни ўзи ҳал қилади, худди шундай, Германия ва бошқа давлатларга чет элдан ёрдам кўрсатишда ўзини қандай тутиш кераклиги айтилса, буни ёқтирмайди, - деди Хебештрайт. - Канцлер ўз позициясини айтди, Аргентина, Чили ва Бразилия ўз позициясини эгаллади. Албатта, уларни ўзгартириш имкониятига умид бор, лекин шу билан бирга сиз бошқа давлатлар вазиятни бошқача кўришига чидашингиз керак».

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид