07:52 / 02.02.2023
19059

Исроил Киевга «Темир гумбаз» тизими етказиб беришни истисно этмаяпти

CNN бошловчисининг Исроил Киевга «Темир гумбаз» ҳаво мудофаа тизимини етказиб бериши мумкинлиги ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Бенямин Нетаняху бу масалани кўриб чиқаётганини айтди.

Фото: AP

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху ўз мамлакати Украинага «Темир гумбаз» ҳаво мудофаа тизимини етказиб бериш имкониятини истисно этмаяпти. 31 январь, сешанба куни кечқурун (маҳаллий вақт билан) CNN телеканалига берган интервьюсида у: «Албатта, мен бу масалани кўриб чиқяпман», деди.

Шу билан бирга, у Қўшма Штатлар Исроилда жойлашган артиллерия захираларининг бир қисмини Украинага топширганини тасдиқлади ва унинг давлатининг Эронга қарши операциялари, жумладан, Украинадаги урушда қўлланилган қуролларни ишлаб чиқарувчи заводларни йўқ қилишга қаратилганини айтди. «АҚШ Исроил ўқ-дориларининг кўп қисмини олиб, Украинага топширди. Очиғини айтганда, Исроил ҳам шундай йўл тутмоқдаки, мен Украинага қарши қўлланилаётган Эрон қуроллари ишлаб чиқаришига қарши ишларни санаб ўтмайман», - деди Нетаняху.

Бир қатор Ғарб давлатлари, шунингдек, Киев маълумотларига кўра, Эрон Россияга жанговар учувчисиз учоқларни етказиб бермоқда ва улардан Украинага ҳужум қилиш учун фойдаланилади. Бироқ Москва ва Теҳрон бундай ҳамкорликни рад этди.

Украина бўйича тинчлик музокараларида Исроил воситачилигини изоҳлар экан, Бенямин Нетаняху ўтган йили ҳам шунга ўхшаш масала билан мурожаат қилганини ва агар можаронинг ҳар икки томони ҳамда Вашингтон сўраса, бундай имкониятни кўриб чиқишини таъкидлади. «Агар барча томонлар бу ҳақда сўрашса, албатта, мен бундай имконият ҳақида ўйлайман. Лекин мен ўзимни мажбурламайман (Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик музокараларида воситачи сифатида)», дея қўшимча қилди у.

«Россиянинг Украинага бостириб кириши бошланганидан кейин Исроил Москва билан муносабатларида дипломатик мувозанатни сақлаб қолди», деб эслатади CNN телеканали журналистлари. Гарчи у босқинни расман қоралаган ва мунтазам равишда гуманитар юклар жўнатган бўлса-да, Исроил ҳали Украинани қурол билан таъминламаган.

Исроил «Темир гумбаз» ҳаво мудофаа тизимини тахминан 12 йил олдин қабул қилган.

«Темир гумбаз» ҳаво мудофаа тизими радар ва бошқарув марказидан иборат. Улар келаётган ракеталарни танийди ва бир неча сония ичида уларнинг траекторияси ҳамда мўлжалланган нишонни ҳисоблаб чиқади.

«Темир гумбаз» ҳаво мудофааси тизимининг учинчи элементи душман ракеталарини йўқ қилиш учун қурилмалардир. Тизимнинг ҳар бир блокида - 20 тагача ракеталарни чиқаришга қодир бўлган учтадан тўрттагача бундай қурилмалар мавжуд. Душманни уриб тушириш учун мўлжалланган ракета фақат тизим турар жой ҳудудига қаратилганини ҳисоблагандагина учирилади. Тўхтатувчи ракета ҳужум қилаётган ракетага тўғридан тўғри тегмайди, балки унинг ёнида портлайди ва шу билан уни йўқ қилади. Шу билан бирга, осмондан тушган иккала ракетанинг парчалари хавф туғдиради.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top