Жаҳон | 23:01 / 02.02.2023
18148
2 дақиқада ўқилади

Норвегияда Қуръонни ёқиш тақиқланди 

Полиция «хавфсизликни таъминлай олмаслигини» маълум қилиб, антиисломий тадбирга рухсат бермади. 

Фото: Anadolu Agency

Норвегия ҳукумати мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръонни таҳқирлашни тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли маълум қилди. Акция 3 феврал кунига белгиланган эди. 

«Биз Қуръони Каримни таҳқирлаш бўйича режалаштирилган акция ҳақида билиб, Норвегия элчисига қўнғироқ қилдик. Шундан сўнг улар тадбирни ўтказиш рухсатномасини бекор қилишди», деди Туркия ТИВ раҳбари. 

Чавушўғли сўзларига кўра, Швеция ва Данияда сўз эркинлиги баҳонасида Ислом ва Қуръонни ҳақорат қилувчи акциялар давом этмоқда.  

«Буларнинг барчаси нотўғри. Дин ва эътиқоддан қатъи назар. Биз исломофобия, антинасронийлик ва антисемитизмни инсониятга қарши жиноят деб биламиз», деди вазир. 

Аввалроқ Норвегиянинг VG газетаси ўта ўнгчи антиислом ташкилоти раҳбари Ларс Торсеннинг «Норвегияни исломлаштиришни тўхтатинг» деб номланган тадбирини эълон қилган эди. Унга кўра, Туркия элчихонаси олдида норозилик акциясини ўтказиш ва Қуръонни ёқиб юбориш режалаштирилган эди. 

Нашрнинг ёзишича, Норвегия полицияси акция ўтказиладиган жой атрофида хавфсизликни таъминлаш стратегиясини қайта кўриб чиққан. 

«Умумий таҳлилдан сўнг, биз ушбу тадбирда хавфсизликни қониқарли тарзда таъминлай олмаймиз деган хулосага келдик», деб Осло полицияси инспектори Мартин Странд сўзларини келтирди VG. 

21 январ куни Туркиянинг Швециядаги элчихонаси яқинида даниялик Расмус Палудан норозилик намойиши ўтказиб, Қуръонни ёқиб юборди. Швеция суди «сўз эркинлиги» туфайли тадбирни тақиқлай олмаслигини маълум қилди. Шундан сўнг, Туркия раҳбарияти Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган эди. 

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид