Жаҳон | 10:40 / 14.02.2023
28168
5 дақиқада ўқилади

Молдова президенти Россияни давлат тўнтаришига уринишда айблади

Молдова президентининг сўзларига кўра, яқин келажакда ҳарбий тайёргарликка эга бўлган россиялик диверсантлар ҳукумат биноларига ҳужум қилиб, одамларни гаровга олиши мумкин. 

Фото: EPA

Молдова президенти Майя Санду Россияни давлатнинг ички ишларига аралашишга уринишда айблади. Унинг бу баёноти мамлакатда ҳукумат ўзгаришидан бир неча кун ўтиб янгради.

Жума куни президент Дорина Речанани янги бош вазир этиб тайинлади, у ўзидан олдинги ҳукумат раҳбари Наталья Гаврилица каби мамлакат Европа Иттифоқига аъзо бўлиши тарафдори ҳисобланади.

Ўтган ҳафтада Украина президенти Володимир Зеленский Киев Россия махсус хизматларининг Молдовадаги вазиятни беқарорлаштириш режаларидан воқиф бўлгани ҳақида айтиб ўтганди.

Брюсселда Евроиттифоқ етакчилари қаршисида чиқиш қилган Зеленский ўзидаги ҳужжатда «ким, қачон ва қандай қилиб Молдова демократиясини издан чиқариб, бу мамлакат устидан назорат ўрнатмоқчи экани» аниқ кўрсатилганини таъкидлаганди.

Душанба куни Санду бу сценарийни Молдова разведкаси ҳам тасдиқлаганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, кўзда тутилган тўнтариш «мухолифат деб аталувчи кучларнинг мамлакатдаги конституцион тузумни ағдаришга қаратилган намойишлари»ни ҳам ўз ичига олади.

«Украина томонидан тақдим этилган ҳужжатларда «ушбу қўпорувчилик ҳаракатларини ташкил қилиш жойлари ва логистика жиҳатлари ҳужжатлаштирилгани кўрсатилган. Бу режа Молдовага Россия, Черногория, Беларус ва Сербия фуқаролари қонуний ҳукумат ўрнига Россия Федерация назоратида бўладиган ноқонуний ҳукуматни олиб келишга қаратилган намойишлар қўзғаш мақсадида келишини ҳам назарда тутади. Бу эса Европа Иттифоқига интеграция жараёнини тўхтатиш учун мамлакатни Россия ихтиёрига беришдир», деди Молдова президенти брифингда.

Молдова 2022 йил июнида ЕИга аъзо бўлишга номзод мақомини олганди. Фотода - собиқ бош вазир Наталья Гаврилица Брюсселда
ANADOLU AGENCY

У ҳарбий тажрибага эга бўлган бу одамлар ўзларини тинч аҳоли вакиллари сифатида кўрсатиб, яширинча ҳаракат қилиши кўзда тутилганини қўшимча қилган. Уларнинг миссиясига давлат муассасаларига ҳужумлар ва одамларни гаровга олиш ҳам киради.

Санду хонимнинг айтишича, бу кучлар «айрим ички кучлар»га ҳам таянади. Улар орасида президентга мухолиф «Шор» партияси, айрим фахрийлар ва тадбиркор Владимир Плахотнюк билан алоқадор бир неча кишилардан иборат жиноий гуруҳлар ҳам бор. 

Санду парламентни «Кремлнинг мамлакатга зўравонлик олиб киришга уринишлари барбод бўлиши» учун махсус хизматларга қўшимча ваколатлар тақдим этишга чақирди.

Россиянинг Украинага бостириб кириши Европанинг энг қашшоқ мамлакатларидан бири бўлган Молдовани оғир аҳволга тушириб қўйган. 2,6 млн киши истиқомат қиладиган мамлакатга Украинадан қочқинларнинг улкан оқими кириб келди, инфляция ўсди ва электр энергияси таъминотида узилишлар юзага келди.

Ўтган йил апрелида Россия томонидан қўллаб-қувватланадиган айирмачилар назоратида бўлган Днестрбўйидаги давомли портлашлардан кейин Молдовадаги вазият кескинлашганди. Бу воқеалар мамлакат Россиянинг Украинадаги урушига тортилиши борасида хавотирлар уйғотганди. 470 минг киши яшайдиган Днестрбўйи 1992 йилги фуқаролар урушидан кейин айирмачилар назоратида қолмоқда.

Молдова Россиядан табиий газ етказиб берилишига қарам. Ўтган йилда Россиянинг Украина инфратузилмаларига ҳужумлари ортидан бу ерда электр энергия таъминотида муаммолар кузатилди.

Молдованинг асосий социалистик ва коммунистик мухолифат блоки Москва билан мустаҳкам алоқаларга эга. Майя Сандудан олдинги президент Игорь Додон ҳам Россия билан яқин алоқаларни қўллаб-қувватларди.

«Шор» партияси раҳбарияти Сандуни ҳокимиятни узурпация қилишга уринишда айблади. «Биз ҳаммамиз бу баёнотлар нима учун айтилганини тушунамиз. Дарҳақиқат, бу мамлакатдаги ҳокимиятни ўзлаштириб олишга қаратилган очиқ уринишдир. Бизнинг орқамизда на Москва, на Вашингтон, на Брюссел, балки фақат Молдова фуқаролари турибди», деди партия раиси ўринбосари Марина Таубер. 

Аввалроқ, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров «Ғарб Молдовани янги «анти-Россия»га айлантирмоқчи», деган эди.

Мавзуга оид