Жаҳон | 12:06 / 17.02.2023
8625
2 дақиқада ўқилади

Норвегия Россия кемаларидаги ядро қуроллари ҳақидаги ҳисоботга изоҳ берди

Норвегия разведка хизмати Россиянинг ядровий тийиб туриш кучлари ҳақида огоҳлантирди, аммо Шимолий флотнинг кемаларида тактик ядро қуроллари йўқлигига ишора қилди. 

Фото: AP

Норвегия разведка хизмати (NIS) матнни нотўғри талқин қилишнинг олдини олиш учун мамлакат миллий хавфсизлигига асосий таҳдидлар ҳақидаги йиллик ҳисоботига тузатишлар киритди. Буни 16 февраль, пайшанба куни Норвегиянинг The Barents Observer портали аниқлади. 

Разведка хизмати Москва томонидан олиб борилаётган ядровий тийиб туриш сиёсатида стратегик ядро қуролларининг аҳамияти ортиб бораётганига аниқлик киритди, бироқ айни пайтда Россия ерусти кемаларининг қуролланиши таркибида ҳеч қандай ўзгаришлар юз бермаганини таъкидлади. 

«Украинадаги уруш натижасида Россия кучларининг салоҳияти заифлашди. Бу Россия стратегик қуролларининг аҳамияти ортиб бораётганини англатади. Шу нуқтайи назардан, Шимолий флотнинг стратегик сувости кемалари асосий воситалардан бири ҳисобланади. чунки улар ядровий қурол билан қуролланган. Биз Россия Шимолий флотининг ерусти кемалари қуролланишида ўзгаришларни кўрмаяпмиз», — деб ёзади разведка хизмати. 

Аввалроқ бир қатор оммавий ахборот воситалари, жумладан The Barents Observer NIS ҳисоботини тақдим этар экан, тактик ядро қуроллари яна Россия Шимолий флотининг сувости кемалари ва ерусти кемаларида бўлиши мумкин деган хулосага келишган эди. «Бу 1991 йилда Михаил Горбачёв ва Жорж Буш ўртасидаги келишувига биноан ўзининг денгиз тактик ядро қуроллари арсеналини расман қирғоқ омборига ўтказган Россия сиёсатидаги туб ўзгаришлар бўлади», деб таъкидлайди портал. 

Разведка хизмати матбуот котиби Анн-Кристин Бьергененинг сўзларига кўра, ҳисобот матнида «турли талқинлар учун жой бўлган». 

Янгиланган матнда тактик ядро қуроллари ҳақида фақат битта жумла қолдирилиб, улар «НАТО мамлакатларига таъсир қилиши мумкин бўлган бир нечта операцион сценарийларда айниқса жиддий хавф туғдириши» таъкидланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид