Жаҳон | 19:30 / 18.02.2023
43190
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар Россия армияси учун Украинада хандақ қазгани айтилмоқда

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ишчиларга Украинанинг Запорижжя вилоятида хандақ қазиш учун катта пул ваъда қилинган.

Фото: ТАСС

Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ишчилар Украинанинг Россия томондан аннексия қилинган Запорижжя вилоятида рус армияси учун хандақ қазгани айтилди. Бу ҳақда Baza хабар берди.

Хабар тожикистонлик Аминжон исмли йигит сўзларидан ёзилган ва хандақ қазган ўзбекистонликларнинг исми-шарифи келтирилмаган.

Қайд этилишича, тожикистонлик Аминжонга тахминан бир ой аввал хавфли, аммо яхши маошли иш таклиф қилинган.

Йигит рози бўлгач, уни автобусда Запорижжя вилоятига жўнатишган. Унинг сўзларига кўра, автобусда 32 киши бўлган - барчаси Тожикистон ва Ўзбекистон фуқаролари. Хандақлар тракторлар билан қазилган, қурувчилар уларни ёғоч материаллар билан мустаҳкамлаган.

Қайд этилишича, Аминжон бир ойга яқин вақт ишлаган ва иккита хандақ қазган. Лекин «Сергей Евгеневич» деган шахс унга атиги 595 минг рубл берган. Аминжон дастлаб келишилган маошни олиш учун Сергейга бир неча бор қўнғироқ қилган, бироқ иш берувчи рози бўлмаган.

Аминжон омади келиб, Москвага қайтишга муваффақ бўлганини, аммо қолган қурувчиларнинг бир қисми қайтиб кела олмаслигини айтмоқда. Чунки, кимдир аппендицит билан касалланган, яна бир ишчи панжасидан айрилган, уларга тегишли тиббий ёрдам кўрсатилмаган.

Аминжон «Сергей Евгеневич»нинг бошқа маълумотларини билмайди. Полицияга шикоят қилгач, унга телефон орқали таҳдидлар бўлган. Ҳозир у уйдан чиқишга қўрқиб қолганини айтмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид