Жаҳон | 23:04 / 24.02.2023
23911
2 дақиқада ўқилади

Истанбулдаги портлашда гумон қилинган шахс Сурияда ўлдирилди 

Туркия махсус кучларининг амалиёти давомида Халил Менжи исмли шахс «зарарсизлантирилди». 

Фото: AP

Туркия Миллий разведка ташкилоти (MIT) Сурия шимолида Истанбулнинг Истиқлол кўчасидаги терактни режалаштирган ва уюштиришда фаол иштирок этган YPG террорчиси Халил Менжини йўқ қилиш бўйича муваффақиятли операция ўтказди (YPG - Курдистон ишчилар партиясининг (КИП) Суриядаги қаноти ҳисобланади). Бу ҳақда Anadolu хабар берди. 

2022 йил 13 ноябр куни Истанбулнинг Тақсим туманида юз берган портлашда 6 киши ҳалок бўлган, 81 киши яраланган эди. 

Туркия разведка хизматлари маълумотларига кўра, Менжи икки шахсни – Аҳлам Албашир Солиҳ ва Билол Ҳасанни теракт уюштириш учун юборган. Ҳасан охир оқибатда унинг ёрдами билан хорижга қочишга муваффақ бўлган. 

Терактдан сўнг YPG етакчилари Сурия ҳудудида ҳужум ташкилотчисини қўриқлашга ҳаракат қилган. 

МIТ маълумотларига кўра, Халил Менжи 2023 йил 22 февралда Қамишли вилоятида йўқ қилинган. 

Халил Менжи

АҚШ ва Европа Иттифоқи Курдистон ишчилар партиясини террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Ушбу ташкилот 2015 йилдан бери Туркияга қарши қуролли ҳужумларни қайта бошлаган. Сурияда КИП террорчилари PYD ва YPG номлари остида ҳаракат қилмоқда, сўнгги икки йил ичида эса ўзларини «Сурия Демократик Кучлари» деб атамоқда. Эронда КИП Курдистон эркин ҳаёт партияси (PJAK) номи билан фаолият юритади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид