21:21 / 27.02.2023
10068

Алишер Усмонов Германия судида санкцияларга қарши эътироз билдирмоқчи – ОАВ 

Россиялик тадбиркор Европа Иттифоқининг ўзига нисбатан жорий қилган санкцияларини асоссиз деб ҳисобламоқда. 

Фото: kremlin.ru

Россиялик миллиардер Алишер Усмоновнинг адвокатлари Германия конституциявий судида унга нисбатан қўйилган санкцияларга эътироз билдиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Германиянинг Süddeutsche Zeitung газетаси хабар берди. 

Адвокатлар фикрича, Усмоновнинг Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига киритилиши Германиянинг асосий қонунчилигига зиддир. 

Ҳуқуқшунослар Европа Иттифоқи талқинига кўра «Россия ҳукуматини қўллаб-қувватлаётган ва шу орқали Россиянинг Украинадаги урушига билвосита ҳисса қўшаётган» бойларга нисбатан санкциялар қанчалик самарали эканлиги масаласини судда кўриб чиқмоқчи. 

Даъво юзасидан эксперт хулосаси ҳам тайёрланган. Жумладан, профессор Дитрих Мурсвик хулосасига кўра, агар ЕИ уруш учун жавобгар бўлмаган шахсни рўйхатга киритса, санкциялар «инсон қадр-қиммати»га тўғри келмайди. Мурсвикнинг фикрича, бу ҳолатда Германиянинг «конституциявий ўзига хослиги» бузилади. Профессор Ўзбекистонда туғилган ва ватани билан алоқада бўлган Усмоновга имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қилади. Профессорнинг ўзи миллий консерватив қарашларга амал қилади ва сўнгги йилларда ўта ўнгчи «Германия учун алтернатива» партияси билан, шунингдек, «Яшиллар» ва бошқа уюшмалар билан ҳам ҳамкорлик қилган. 

Агар Усмонов Германия Конституциявий судида муваффақият қозонса, бу санкциялар остида қолган бошқа россияликлар учун ҳам фойдали бўлади, деб ҳисобламоқда нашр. 

Аммо Германияда Усмонов ҳамон тергов қилинмоқда: у 555 миллион евро миқдоридаги солиқни тўлашдан бўйин товлаш, пул ювиш ва Евроиттифоқ санкцияларидан бўйин товлашда гумон қилиняпти, деб ёзди газета. Агар Усмонов Германияга борса, дарров ҳибсга олиниши мумкин. 

Усмонов барча айбловларни рад этади ва уларни асоссиз деб ҳисоблайди. 

Алишер Усмонов 2022 йил 28 февралда - миллиардерлар Алексей Мордашов, Геннадий Тимченко, Михаил Фридман, Петр Авен ва Александр Пономаренко билан бир вақтда Европа Иттифоқи санкцияларига тушиб қолди. 2022 йил апрелида Усмонов санкцияларга эътироз билдириш мақсадида Европа Иттифоқи Кенгашига қарши умумий юрисдикция судига даъво аризаси берди. 

Ноябр ойида Financial Times газетаси Ўзбекистон Европа Иттифоқи расмийларидан Алишер Усмоновга нисбатан санкцияларни бекор қилишни сўрагани, бу чекловлар миллиардернинг мамлакат иқтисодиётига сармоя киритишига тўсқинлик қилаётганини кўрсатганини ёзган эди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top