Иқтисодиёт | 14:37 / 11.03.2023
25647
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда банк карталари сони 34 миллион донага етди  

2022 йилда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари қўлидаги банк карталари сони 7 миллион донага кўпайди. Ўтган йилда банк карталари сони 20,8 фоизга ўсган. Охирги 4 йилдаги рақамларга қаралса, 2022 йилда  банк карталарининг сони энг тез ўсганини кўриш мумкин.  

Фото: KUN.UZ

Марказий банк 2022 йил учун тўлов тизимлари шарҳини эълон қилди.  

Маълумотларга кўра, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига кенг тарғибот ишлари олиб борилиши натижасида муомалага чиқарилган банк карталари сони 2022 йил бошида 27,1 млн донани ташкил қилган бўлса, йил охирига келиб 34,2 млн донага етган.  

Рақамлар ҳисобот даврида банк карталари сони 20,8 фоизга ўсганини кўрсатмоқда.  

Бироқ 2021 йилда  аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари қўлидаги банк карталари сони сезиларли ўсмаган. Бу даврда  банк карталари сони 25,7 млн донадан  27,1 млн донага кўпайган. Ўсиш – 5,2 фоизни ташкил қилган.  

Kun.uz Марказий банк ўтган йилларда тақдим этган маълумотларга таяниб, охирги 4 йилдаги банк карталари сонининг ўсишини таққослади.  

2020 йил давомида муомаладаги банк карталари сони эса 26 млндан ошиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,9 млн донага кўпайган. 

2019 йилда эса банк карталари сони 20,5 млндан ортиқни ташкил этиб, ўтган йилга қараганда 2,8 млнга кўпайган. 

Демак охирги 3 йилдаги банк карталари сонининг ўсиши билан боғлиқ тенденцияси қуйидагича бўлган: 

  • 2019 йилда – 2,8 млн донага; 
  • 2020 йилда – 5,9 млн донага; 
  • 2021 йилда – 1,4 млн донага; 
  • 2022 йилда – 7 млн донага кўпайган. 

Шундай қилиб, охирги 4 йилда банк карталари сони 2022 йилда энг тез ўсганини кўриш мумкин. 

Аввалроқ. Uzcard ва Humo банкоматлари ҳамда терминаллари интеграция қилиниши маълум қилинганди. 

Марказий банк масъулларининг Kun.uz’га билдиришича, банкоматлар интеграцияси 2023 йил май ойида якунланади. Терминаллар интеграцияси эса йил охирига режа қилинган.

Мавзуга оид