10:52 / 13.03.2023
5386

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Эрон президенти билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Бахтиёр Саидов бошчилигидаги мамлакат делегациясининг Эронга ташрифи ниҳоясига етди.

Фото: Dunyo

Ташриф доирасида Ўзбекистон вакиллари Эрон президенти Иброҳим Раисий томонидан қабул қилинди. Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Абдуллаҳиён, йўллар ва шаҳарсозлик вазири Меҳрдод Базрпош, саноат, конлар ва савдо вазири, Ўзбекистон-Эрон ҳукуматлараро комиссияси ҳамраиси Ризо Фотеми-Амин билан учрашувлар бўлиб ўтди.

Музокараларда сиёсат ва дипломатия, савдо ва инвестициялар, транспорт ва логистика соҳаларида Ўзбекистон-Эрон ҳамкорлигини мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди. Томонлар жорий йили ўтказилиши режалаштирилган қўшма тадбирларга тайёргарлик жараёнини муҳокама қилдилар. Иқтисодий дипломатияни фаоллаштириш йўлида Ўзбекистон ва Эроннинг транспорт-коммуникация имкониятларидан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.

Теҳронда Эроннинг йирик компаниялари раҳбарлари иштирокида бизнес-форум ташкил этилиб, унда фармацевтика, тиббий асбоб-ускуналар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, кимё ва тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Хусрав Нозирий билан ҳам учрашув ўтказди. Музокараларда ИҲТ маконида минтақавий ҳамкорликнинг турли жиҳатлари кўриб чиқилди.

Top