08:18 / 20.03.2023
6453

Швейцариянинг UBS банки Credit Suisse'ни сотиб олди

UBS Швейцария регуляторларининг фаол иштирокида инқирозга учраган Credit Suisse'ни 3 миллиард франкка сотиб олди.

Фото: CNN

Швейцариянинг UBS банки 19 март, якшанба куни Швейцариянинг яна бир банки - Credit Suisse'ни 3 миллиард франкка сотиб олди, деб хабар берди мамлакат Миллий банки. Швейцариядаги иккита энг йирик ва энг қадимги кредит институтларининг бирлашиши мамлакат расмийлари кўмагида амалга оширилди. Швейцария регуляторлари Credit Suisse инқирозининг бутун молия тизимига тарқалиши олдини олиш учун вазиятга аралашиб, келишув тузишга мажбур бўлди. Бирлашиш 2023 йил охиригача якунланиши кутилмоқда. Битим Credit Suisse'нинг ҳар бир акцияси учун 0,76 швейцария франки шарти асосида амалга оширилди, дейилади UBS хабарида.

Швейцария президенти Ален Берсе Берндаги матбуот анжуманида расмийлар иккала банкка 50 миллиард франк кредитдан ташқари 100 миллиард франк ликвидлик кафолати тақдим этганини хабар қилди. «Бу Швейцариянинг молиявий тизимига ишончни таъминлаш учун энг яхши ечим», дея қўшимча қилди у. Матбуот анжуманида хабар қилинганидек, бирлашиш Швейцария молиявий регулятори - FINMA томонидан тасдиқланган.

Credit Suisse'нинг бир йилдан ортиқ давом этаётган муаммолари банк инқирози даврида янада кучайди. 15 март куни банк ўз тарихидаги энг йирик акциялар қулашига дучор бўлди – улар 30 фоизга арзонлашди. Financial Times газетаси манбаларга таяниб ёзганидек, банкнинг молиявий аҳволидан хавотирлар фонида ундан омонатларнинг олиб чиқиб кетилиши кунига 10 миллиард франкдан ошди.

Шундан сўнг банкни қутқариш бўйича музокаралар бошланди, деди Швейцария молия вазири Карин Келлер-Зуттер кеча бўлиб ўтган матбуот анжуманида. «Тизимли аҳамиятга эга банкнинг дефолти Швейцарияда ҳам, чет элда ҳам олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келади», деди у.

Top