Жаҳон | 10:43 / 21.03.2023
11664
3 дақиқада ўқилади

Молдова «Газпром»дан газ сотиб олишни қайта тиклади

Декабрдан буён Кишинёв арзон энергия эвазига барча газни Россиядан Днестрбўйи ҳудудига йўналтирмоқда. Иссиқ об-ҳаво туфайли Днестрбўйида ёнилғи сарфи камайди ва Молдова газнинг бир қисмини орқага йўналтиришга қарор қилди.

Фото: Moldovagaz

«Молдовагаз» компанияси март ойида уч ойлик танаффусдан сўнг Россиянинг «Газпром» компаниясидан газ сотиб олишни қайта тиклади, деди 20 март, душанба куни газ тақсимлаш компанияси раҳбари Вадим Чебан.

«Молдовагаз» декабрь ойида газни икки манбадан: «Газпром» ва Energocom давлат корхонасидан сотиб олишини эълон қилди. Шу билан бирга, республика расмийлари тушунтирганидек, биринчи марта Днестрнинг ўнг қирғоғи «Газпром»га муқобил манбалардан газ билан таъминланди ва Россиядан олинган газнинг бутун ҳажми Днестрбўйига кела бошлади.

Шундай қилиб, Молдова Россия газини истеъмол қилишдан бутунлай воз кечди ва қабул қилинган 5,7 миллион кубометрни Днестрбўйига жўнатишни бошлади. У минтақада жойлашган Молдова ГРЭСда электр энергияси ишлаб чиқариш учун ишлатилган. Ишлаб чиқарилган электр энергияси Молдовага Руминиядан сотиб олинганидан арзонроқ нархда етказиб берилди. Бу истеъмолчилар учун тарифларни пасайтириш имконини яратди. Молдова, шунингдек, Energocom томонидан биржада сотиб олинган ҳамда Руминия ва Украинада сақланган газни истеъмол қилган.

Март ойида ҳарорат исиши туфайли Днестрбўйида табиий газ истеъмоли камайди ва Кишинёв ёнилғининг бир қисмини республикага йўналтиришга қарор қилди, деб тушунтирди Чебан. «Бундай вазиятда, «Газпром» ва Energocom томонидан етказиб бериладиган табиий газ нархи деярли бир хил эканлигини ҳисобга олсак, «Молдовагаз» 2023 йилнинг март ойи охирига қадар ўз истеъмолчилари учун «Газпром»дан кунига тахминан 0,7-0,8 миллион кубометр ва Energocom'дан кунига тахминан 1,3-1,5 миллион кубометр газ сотиб олади», - деди Чебан.

Молдовада 2021 йилдан бери давом этаётган энергетика инқирози Украинадаги уруш, ёнилғи нархининг кўтарилиши ва «Газпром» билан зиддият туфайли янада кучайди. Декабрь ойи охирида республика инфратузилма ва минтақавий ривожланиш вазири Андрей Спину Молдова тарихда биринчи марта Россиядан келадиган газга қарамликни тўхтатганини айтди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид