Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шавкат Мирзиёев маҳалла тизими ходимлари ва фаолларига табрик йўллади
Ўзбекистон президенти маҳалла тизими ходимлари ва фаолларига табрик йўллади. Табрик матни давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
“Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли бутун халқимизни мамлакатимизда кенг нишонланаётган муҳим сана – Маҳалла тизими ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг ҳурмат-эҳтиромимни билдираман. Миллий ўзлигимиз тимсоли бўлган маҳаллаларимиз гўзал ва бетакрор Ватанимизда тинчлик ва аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик маконига айлангани билан албатта барчамиз фахрланамиз”, дейилади табрикда.
Қайд этилишича, ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган бу идоранинг нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида кейинги йилларда улкан ишлар амалга оширилмоқда. Бу ишлар аввало бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёшлар, нуроний отахон ва онахонларга манзилли ёрдам кўрсатиш, фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар билан уйғун ҳолда олиб борилаётгани айтилади.
“Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда. Бунинг тасдиғини маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин. Биргина ўтган йилнинг ўзида маҳалла фаоллари кўмагида юз минглаб ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминлангани, 9 минг 400 дан ортиқ маҳалланинг қарийб 3 мингтаси ёки 31 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмагани шундан далолат беради”, дейилади президент табригида.
Билдирилишича, маҳаллаларни обод қилиш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш борасидаги ишлар мамлакат қиёфасини тубдан ўзгартириб, халқ турмуш даражаси ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. 2022 йилда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ҳамда бошқа дастурлар доирасида бюджетдан ажратилган қарийб 27 триллион сўм маблағ ҳисобидан 4 мингта маҳаллада кенг кўламли қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилгани, юзлаб мактаб, боғча, тиббиёт масканлари барпо этилгани ва янгилангани, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ ва иссиқлик таъминоти, йўл ва транспорт тизимлари фаолияти яхшилангани таъкидланди. 2023 йил – “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да ушбу мақсадлар учун яна 5 минг 800 та маҳаллага 30 триллион сўм маблағ йўналтирилади.
“Энг муҳими, юртдошларимизнинг ижтимоий фаоллиги, ўз маҳалласи, эл-юртимиз тақдири ва келажагига дахлдорлик ҳисси ортиб бормоқда. Бу борада “Ташаббусли бюджет” дастури жорий этилгани муҳим роль ўйнамоқда. Ушбу дастур доирасида илгари сурилаётган таклифлар асосида аҳоли ҳаётига тааллуқли кўпгина долзарб масалалар ўз вақтида ва самарали ҳал этилмоқда”, дея маълум қилди давлат раҳбари.
Мавзуга оид
08:58 / 09.04.2026
Маҳаллаларда хавфсизликни таъминлашда янги модел жорий этилади
20:38 / 19.03.2026
Президент маҳалла тизимининг бир гуруҳ ходимларини тақдирлади
14:46 / 10.02.2026
Маҳаллаларда тадбиркорликни бошлаш учун 50 млн сўмгача гаровсиз маблағ ажратилади
15:31 / 24.01.2026