Ўзбекистон | 19:39 / 23.03.2023
31119
4 дақиқада ўқилади

Кобулда Қўштепа канали масаласи ҳам муҳокама қилинди

Афғонистон Амударёдан Қўштепа канали қурилиши лойиҳасини «Ўзбекистон билан ўзаро англашув асосида» амалга оширишга тайёрлигини билдирган. Ўзбекистон делегацияси Кобулдаги музокараларда савдо, транспорт, аёллар ҳуқуқлари ва бошқа мавзуларни ҳам муҳокама қилган.

Фото: twitter.com/FDPM_AFG

Афғонистон Амударёдан Қўштепа канали қурилиши лойиҳасини «Ўзбекистон билан ўзаро англашув асосида» амалга оширишга тайёр. Бу ҳақда Афғонистон муваққат ҳукумати бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулла Абдул Ғани Бародар 22 март куни Кобулда Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси билан учрашув вақтида маълум қилган. Бародар учрашув тафсилотлари ҳақида Twitter саҳифасида ёзиб қолдирган.

Унинг айтишича, Ўзбекистон «бошқа инфратузилма лойиҳалари қатори Қўштепа канали қурилиши лойиҳаси самарадорлигини ошириш учун [Афғонистон] техник гуруҳлари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган».

Ўзбекистон делегацияси Афғонистоннинг «халқаро стандартларга мувофиқ, ҳамда Афғонистоннинг имтиёз ва ҳуқуқларини тўлиқ ҳисобга олган ҳолда» Амударёдан сув олиш ҳуқуқи мавжудлигини қайд этган.

Абдул Ғани Бародар эса «Ўзбекистон томонини Қўштепа канали лойиҳасини якунлаш икки қўшни мамлакат ўртасидаги икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашига ишонтирган». Хабарда лойиҳа «ўта муҳим» деб баҳоланган.

  • Маълумот учун, эни 100 метр, лойиҳавий узунлиги – 285 км бўлган Қўштепа канали қуриб битказилса, Амударё сувининг учдан бир қисми Афғонистоннинг шимолий ҳудудларига йўналтирилиши мумкин. Бу эса Ўзбекистоннинг бир қатор вилоятларида сув тақчиллигини кучайтиради.

Савдо, транспорт ва аёллар ҳуқуқлари

Ўзбекистон делегацияси Кобулда толиблар ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амирхон Муттақий, мудофаа вазири вазифасини бажарувчи мулла Ёқуб Мужоҳид, муваққат ҳукуматнинг бошқа аъзолари ва иқтисодий тузилмалар вакиллари билан ҳам қатор учрашувлар ўтказган.

Фото: twitter.com/FDPM_AFG.

Музокаралар чоғида ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, Афғонистон ҳудуди орқали турли транзит юкларни ташиш ҳажмини ошириш, муҳим транспорт-энергетика лойиҳаларини амалга ошириш каби масалалар муҳокама қилинган.

Муҳим транспорт-энергетика лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, «Термиз–Мозори-Шариф–Кобул–Пешовар» темирйўлини қуриш, «Сурхон–Пули-Хумри» йўналиши бўйлаб электр тармоғини тортиш масалалари алоҳида кўриб чиқилган.

«Томонлар ишнинг амалий босқичига тезроқ ўтиш зарурлигини таъкидладилар ва икки томонлама кун тартибидаги барча масалалар бўйича конструктив мулоқотни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар», — дейилади Ўзбекистон ТИВ хабарида.

Қайд этилишича, мулоқотлар чоғида аёллар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш, қизларнинг Афғонистонда таълим олишини таъминлаш, шунингдек, Термиз шаҳридаги Таълим маркази негизида афғон кадрларини тайёрлаш зарурлиги таъкидланган. Учрашувлар доирасида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Абдулқаҳҳор Балхийнинг ёзишича, Абдулазиз Комилов ва Амирхон Муттақий ўртасидаги музокараларда «мамлакатлар ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик масалалари ҳар томонлама муҳокама қилинган».

Абдулазиз Комиловнинг сўзларидан иқтибос келтирган ҳолда, у Ўзбекистон Афғонистон билан қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида техник маслаҳатлар билан бўлишишга ва ўзаро товар айирбошлаш даражасини 1 миллиард долларга етказишга тайёрлигини билдирган.

Абдулазиз Комилов ва Ёқуб Мужоҳид
Фото: twitter.com/QaharBalkhi​​​​​

Афғонистон мудофаа вазирлигининг Twitter саҳифасида хабар берилишича, музокараларда «чегара, хавфсизлик ва бошқа тегишли мавзулар» ҳам муҳокама қилинган.

Мавзуга оид