18:15 / 24.03.2023
17209

1200 та қозон, 12 минг вагон кўмир. Иссиқхоначиларни қандай муаммолар кутмоқда?

Ўзбекистонда қарийб 2500 гектар иссиқхона кўмирга ўтказилмоқда. Тахминан 150 млн долларга тушадиган бу тадбир кўплаб иссиқхоналар ёпилишига, ички бозорларда айрим маҳсулотлар тақчиллигига ёки нархи кескин ошишига сабаб бўлиши мумкин.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда умумий майдони 2466,2 гектар бўлган 1145 та иссиқхонани газдан кўмирга ўтказиш белгиланган. Бу тадбирни амалга оширишга қанча маблағ ва вақт керак бўлади? Қолаверса, бу борада қандай муаммолар юзага чиқиши мумкин?

12 минг вагон кўмир

1 гектар замонавий иссиқхона (баландлиги 5-5,5 метр, иситиш қозонлари камхарж, замонавий бўлган тақдирда) кунига тахминан 2,5-3 тонна кўмир сарфлайди. Совуқ ва шимолий ҳудудларда бундан ҳам кўпроқ сарф қилинади. Қиш мавсумини ўртача 120 кун (октябрнинг ўртасидан март охиригача) деб олсак, бир йилга 740 минг тонна кўмир керак бўлади дегани. Бир вагонга 62 тонна кўмир кетишини ҳисобга олсак, бу 11 935 та вагон бўлади. Бунча кўмирни аввал мамлакатга, кейин вилоятларга ва иссиқхоналарга етказиш муаммоси мавжуд.

1 тонна кўмирнинг Ўзбекистонга кириб келиши 60 долларга тушади. Иссиқхоналарга етадиган кўмир импорти учун тахминан 44 млн доллар сарфлаш керак бўлади.

110 млн долларлик қозонлар

Кўмир қозонлари газ қозонларига қараганда мураккаброқ ва каттароқ бўлгани сабабли 2 гектарга 1 та қозон қўйиш мумкин. Демак, 2466 гектар иссиқхонага тахминан 1200 донадан ортиқ қозон керак бўлади. Агар режалаштирилган қозонлар замонавий, камхарж ва атроф-муҳитга кам чиқинди чиқарувчи, яъни филтрли бўлишини хоҳласак, ҳар бир гектарга қозон учун тахминан 45-50 минг доллар сарфлаш керак бўлади. Бу ўртача 110 млн доллар дегани.

Қозонларни алмаштириш учун иссиқхоначиларда 7 ой вақт қолди. Бу вақт ичида қозонлар пули тўланиб, буюртма берилиши, ишлаб чиқарилиши, етказиб берилиши ва эски қозонлар ечилиб ўрнига ўрнатилиши лозим

Замонавий қозонларни ишлаб чиқарадиган корхоналар кам, соҳага керакли бўлган 1200 дона қозонни топиш, сотиб олиш етарлича муаммо туғдиради. Масалан, 2 гектарга мўлжалланган, 4 млн килокалориялик Ijan (Туркия) қозонлари 15 даража совуқда соатига 600 кггача кўмир сарфлайди. Ушбу фирманинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати – 25-35 дона қозон.

Кўмирнинг тури ва сифатига қараб 5 фоиздан 20 фоизгача чиқинди чиқади. Демак, 740 000 тонна кўмирдан 37 мингдан 148 минг тоннагача чиқинди чиқади. Уларни утилизация қилиш масаласи ҳам бор. Қолаверса, кўмирдан чиққан чиқиндиларнинг иссиқхона устки қопламаларига таъсири маҳсулотнинг сифатига ва ҳажмига салбий таъсир кўрсатади.

Кўмир ёқилғисидан фойдаланиш учун иш кучи (кўмир ташувчи), кўмир омбори, чиқинди омбори каби қўшимча ресурслар ҳам керак бўлади.

“Ниқоб тақадиган” экология

Кўмир дунёда инсоният фойдаланадиган ёқилғилар ичида табиатни энг кўп ифлословчи ҳисобланади. Статистикага кўра, 1 даража кўтарилган глобал исишнинг 0,3 даражаси кўмир ҳиссасига тўғри келади.

Кўмирдан атмосферага чиқаётган СО2 ҳажми кўпаяди. 2021 йилда дунёдаги CO2'нинг 40 фоизига кўмир ёқилиши сабаб бўлган. Кўмирдан тарқаладиган заҳарлар уни қазиб олиш, ташишдан то фойдаланишгача бўлган жараёнда атроф-муҳит, ҳаво, тупроқ ва сувни ифлослайди.

1147 та иссиқхонанинг кўмирга ўтказилиши атрофдаги аҳоли пунктларида яшовчи фуқароларнинг эътирозига сабаб бўлади. Тахмин қилиш мумкинки, аҳоли пунктларига яқин иссиқхоналар ёпилади.

Очиқ қолаётган саволлар

Иссиқхоналарнинг газ ёқилғисидан кўмирга ўтказилиши қуйидаги қатор саволларни юзага чиқармоқда:

  • тахминан 750 минг тонна кўмирни қайси ташкилот қандай йўл билан етказиб беради? Темирйўл юк ташиш қуввати етадими?
  • 1200 дона кўмир қозонини ким ва қаерда ишлаб чиқади ҳамда қанча муддатда уларни етказиб беради? Қозонларни сотиб олиш учун зарур бўлган 110 млн доллар маблағ ким томонидан, қанча вақтда ва қанақа шартларда ажратилади? Қолаверса, ишлатилган, тахминан 50-60 млн долларлик газ қозонларининг тақдири нима бўлади?
  • Бирданига талабнинг ошиши оқибатида қозон, кўмир, уларнинг логистикасига бўлган нархлар кўтарилишининг олди қандай олинади?
  • Маҳсулот сифати ва миқдорининг пасайиши оқибатида ички ва ташқи бозордаги йўқотишлар ўрни қандай қопланади?
  • Кўмир етказиш билан боғлиқ муаммо пайдо бўлганда иссиқхоналар қандай алтернатив ёқилғига ўтади?

Мазкур саволларга масъуллар томонидан аниқ ва ишонарли жавоб берилмас экан, иссиқхоначилар таваккалчиликка қўл уришмайди.

Бу 1147 та иссиқхонанинг катта қисми ёпилиб кетиш хавфини юзага келтирмоқда. Мазкур хавф муаммолар занжири сифатида ички бозорларда айрим маҳсулотлар тақчиллигига ҳамда нархининг ошиб кетишига олиб келади.

Шокир Шарипов,
журналист.
Абдураҳим Абдувалиев,
Мева-сабзавотчилик миллий ассоциацияси раҳбари.

Top