08:23 / 25.03.2023
6050

Гуржистон мухолифати Бербок билан Саакашвилининг ишини муҳокама қилди

Анналена Бербок ва Гуржистон мухолифат партиялари вакиллари ўртасида Тбилисида бўлиб ўтган учрашувда Гуржистоннинг собиқ президентини даволашга Полша шифокорларини жалб қилиш мумкинлиги масаласи муҳокама қилинди.

Михаил Саакашвили / Фото: Reuters

Гуржистонга ташриф буюрган Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Гуржистон мухолифат партиялари вакиллари билан қамоқдаги собиқ президент Михаил Саакашвилининг аҳволини муҳокама қилди. Бу ҳақда 24 март, жума куни «Бирлашган миллий ҳаракат» партияси бош котиби Петре Цискаришвили маълумот берди.

«Унинг ҳаёти хавф остида, ўлиши мумкин, соғлиғи оғир аҳволда. Биз Бербок хонимга буни тушунтирдик. У бу масала бўйича кенг қамровли маълумотга эга эди», — дея Цискаришвилининг сўзларини келтирган «Интерфакс». Учрашувда, унинг сўзларига кўра, Саакашвилини даволашга Полшадан келган шифокорларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинган.

Гуржистонда Михаил Саакашвилига қарши бешта жиноий иш очилди. У 2021 йил сентябрида, сайловдан бироз олдин яширинча ватанига қайтди. Бир неча кундан кейин полиция ва разведка идоралари сиёсатчини топишга муваффақ бўлди. У Тбилисида ҳибсга олинган. 

2021 йил октябр ойида Михаил Саакашвили қамоқхонада 50 кун давомида очлик эълон қилди ва реабилитация учун Горидаги ҳарбий госпиталга ўтказилгандан кейингина уни тўхтатди. Бироқ, 2022 йил февралида қамоқхонага қайтган сиёсатчи яна 20 кун давом этган очлик эълон қилди. 

Май ойидан бери у соғлиғи ёмонлашгани сабабли қамоқдан кўчирилган ва Тбилиси чеккасидаги хусусий клиникада алоҳида хонада сақланмоқда. Гуржистон пойтахтида Михаил Саакашвилини озод этиш талаби билан бир неча норозилик намойишлари бўлиб ўтди. 

2023 йил февралида Тбилиси суди собиқ президентни соғлиғи ҳолатига қарамай, озодликка чиқаришни рад этди. Бошқалар қаторида Европарламент ва Гуржистон собиқ президенти фуқароси бўлган Украина ҳукумати Саакашвилини озод қилишга чақирмоқда. 

Top