Ўзбекистон | 18:26 / 29.03.2023
10026
2 дақиқада ўқилади

Бу йил аҳоли учун энергия тарифлари оширилмайди — ИМВ

2023 йилда Ўзбекистонда маиший истеъмолчилар учун электр энергияси ва газ тарифлари оширилмайди. Бу ҳақда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов бугун, 29 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

“Иқтисодий жиҳатдан олиб қараганда, тарифларни оширишга зарурат борми десак, бор, мен бунгача бюджет дефицити ҳақида сўз юритган эдим. Нархлар ошадими-йўқми, буни ҳозир аниқ айта олмайман. Катта эҳтимол билан, ошмайди. Энг камида фуқаролар учун аниқ ошмайди.

Лекин бу дегани биз бу ҳақда ўйламаяпмиз, буни муҳокама қилмаяпмиз дегани эмас. Бир нечта вариантлар кўриб чиқиляпти. Хусусан, ижтимоий норма белгилаш. Яъни жуда кўп газ ва электр энергияси ишлатадиган, совуқ қишда уйида футболкада юрадиган бой одамлар бозор нархида тўлаши керак. Бу адолатдан бўлади.

Лекин ижтимоий реестрга киритилган ёки қайсидир сабаб билан кам даромад топадиган, икки хонали квартирада турадиган, “свет” ва газни тежаб ишлатадиганларни рағбатлантириш керак. Бундай тарифлар аксарият давлатларда қўлланади. Ўйлайманки, биз ҳам бу масалага етиб келамиз”,деди Султонов.

Эслатиб ўтамиз, газ ва электр энергияси тарифлари охирги марта 2019 йил август ойида кўтарилган.

Ўтган йили 1 июлдан аҳоли учун базавий тарифларни 10 фоизга ошириб, табақалаштирилган тарифларга ўтиш режалаштирилган, лекин бу борадаги қарор қабул қилинмай қолганди.

Мавзуга оид