Жамият | 20:51 / 31.03.2023
19751
2 дақиқада ўқилади

Навоийда ўқувчилар дарс пайтида қуёш панели учун овоз йиғишга жалб этилди

Хатирчи туманидаги мактабда 8-синф ўқувчилари дарс вақтида бошқа хонага олиб чиқилиб, рўйхат бўйича телефон рақамларга қўнғироқ қилиб чиқиш орқали, “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғишга мажбурлангани айтилмоқда. Аввал ҳам бу лойиҳада ғолиб чиққан мактаб бу сафар қуёш панели ўрнатиш ва бошқа ташаббусларни илгари сурган.

Kun.uz ихтиёрига Навоий вилояти Миёнқол маҳалласидаги 24-умумий ўрта таълим мактабининг информатика хонасида олингани айтилаётган видео келиб тушди. Видеода 6 нафар ўқувчи қиз компютер хонасида ўтиргани, партадаги дафтарда телефон рақамлар рўйхати ёзилгани, рўйхатнинг бир қисмидаги рақамлар устидан чизиқ тортиб ўчириб чиқилгани кўринади.

Видео муаллифи хонадаги 8-синф ўқувчилари аслида бу вақтда кимё дарсида бўлиши кераклигини, лекин ўқувчилар “Ташаббусли бюджет”да овоз йиғишга жалб қилинганини айтади. У навбатчи ходим билан (видеолавҳада ушбу ўқитувчи ҳам бор) ҳолат юзасидан далолатнома тузишини билдирган.

Фото: "Очиқ бюджет" портали

Kun.uz манбасига кўра, бу мактабда 900 нафар бола таълим олади. Мактаб 2018 йилда дастур асосида тўлиқ таъмирдан чиқарилган ҳамда спорт зал қуриб берилган. Шунингдек, таълим маскани ўтган йили ҳам “Ташаббусли бюджет”га лойиҳа қўйиб, ғолиб бўлган – синф хоналарга камералар ўрнатилиб, мини-стадион қурилган.

Мактабнинг бу йилги ташаббуси – қуёш панели ўрнатиш, мактаб қозонхоналарини таъмирлаш, мактаб ошхонасини жиҳозлаш, фаоллар зали учун 150 та яримюмшоқ стул ва демонстрацион столлар, маънавият ва маърифат хонаси учун 2 та кондиционер, 1 та рангли, 1 та учтаси бирда принтер ва 2 дона овозкучайтиргич харид қилиш, технология ва мусиқа хоналарини замонавий ўқув-амалиёт қуроллари билан таъминлаш, 25 дона электрон-сенсорли доска, мотокультиватор, пайвандлаш асбоби, полиэтилен пайвандлаш дазмоли, электр арра, 2 дона движокни ўз ичига олади.

Олдинроқ Тошкент вилояти Оққўрғон туманидаги мактаблардан бирида ўқувчилар дарс тугамай, устозлари томонидан пул олиб келиш учун уйига жўнатилганди. Ҳолат маълум бўлгач, мактаб директори вазифасидан озод этилди.

Мавзуга оид