АҚШ яна барча фуқароларини Россияни тарк этишга чақирди
АҚШ фуқаролари, ҳатто ишлаётган журналистлар ҳам Россияни зудлик билан тарк этишлари керак, деди Жон Кирби. Байден маъмурияти «Лефортово» тергов ҳибсхонасида сақланаётган WSJ мухбири Гершкович билан учрашишга эришиш уринишларини давом эттирмоқда.
АҚШ расмийлари яна барча фуқароларини, шу жумладан журналистларни Россияни тарк этишга чақирди. «Ҳозир америкаликларнинг Россияда бўлиш вақти эмас. Агар сиз ҳозир Россияда бўлсангиз - хоҳ иш ёки дам олиш, хоҳ қандайдир саёҳатда бўладими - ҳозир кетишингиз керак», - деди Кирби. «Россия сиз учун яхши жой эмас, ҳатто журналист бўлиб ишласангиз ҳам. Россия ҳозир Америка фуқаролари учун душман муҳитга айланган. Агар сиз у ерда бўлсангиз, кетиш вақти келди», деди 31 март, жума куни Оқ уй ҳузуридаги Миллий хавфсизлик кенгашининг стратегик алоқалар бўйича координатори Жон Кирби.
Аввалроқ Қўшма Штатлар ўз фуқароларини Россияга сафар қилмаслик ҳақида бир неча бор огоҳлантирган. Масалан, Оқ уй матбуот котиби Карине Жан-Пьер 30 март куни шундай деди: «Яна бир бор қатъий таъкидламоқчиманки, америкаликлар АҚШ ҳукуматининг Россияга сафар қилмаслик ҳақидаги огоҳлантиришига қулоқ тутишлари керак». «Россияда яшаётган ёки у ерга сафар қилаётган АҚШ фуқаролари Давлат департаменти тавсиясига кўра, зудлик билан мамлакатни тарк этишлари керак», - дейилади Жан-Пьернинг баёнотида.
Энди Кирби тавсия америкалик журналистларга ҳам тааллуқли эканини алоҳида қайд этди.
Тавсия The Wall Street Journal (WSJ) газетасининг Россиядаги мухбири Эван Гершковичнинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ.
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Москвадаги «Лефортово» тергов изоляторида («СИЗО») сақланаётган Гершкович билан учрашишга эришиш бўйича уринишларни давом эттирмоқда.
«Биз консуллик даражасида кириш имконига эга бўлмадик, элчихонамиздан ҳеч ким у билан учраша олмади», — дея Жон Кирбининг сўзларини келтирган CNN. «Албатта, биз бу борада ишлашни давом эттирамиз ва унинг аҳволини ўз кўзимиз билан кўриш учун консуллик рухсати ололмагунимизча буни давом эттирамиз», — дея қўшимча қилди Оқ уй координатори.
АҚШ расмийлари Россиянинг «жосуслик» ҳақидаги даъволари «бемаъни» ва «мутлақо кулгили» эканлигига ишончи комил.
Кирбининг сўзларига кўра, Гершковичнинг ҳибсга олиниши ва унга қўйилган айбловлар Вашингтон учун кутилмаган воқеа бўлган. Олдиндан огоҳлантириш ва Россия журналистларга қарши жиддий чоралар кўрмоқчи эканига ишора ҳам йўқ эди, деди у. «Америка фуқароси Эван Гершкович Россияда қўлга олингани ҳақидаги хавотирли хабарлардан чуқур хавотирдамиз», деди Жан-Пьер.
The Wall Street Journal газетаси журналисти Эван Гершковичнинг Россияда жосусликда айбланиб ҳибсга олинганидан сўнг, АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти дипломатик ва сиёсий эскалация эҳтимолини кўриб чиқиши керак, деб ёзади WSJ. 30 март оқшомида чоп этилган таҳририят мақоласига кўра, Россия элчиси, шунингдек, мамлакатда ишлаётган барча россиялик журналистларнинг Қўшма Штатлардан чиқариб юборилиши Вашингтондан бу борада кутилаётган «минимал жавоб» бўлади.
Гершковични ҳибсга олиш вақти «АҚШни шарманда қилиш ва Россияда фаолият юритаётган хорижий матбуотни қўрқитиш учун» режалаштирилган провокациядан далолат беради, деб ҳисоблайди WSJ. Мақолада айтилишича, Кремл Россия матбуоти ишини бостиргани сабабли, хорижий мухбирлар сўнгги мустақил ахборот манбалари ҳисобланади. Муаллифларнинг фикрича, Гершковичнинг ҳибсга олиниши унинг яқинда Россия иқтисодиётининг ёмонлашаётгани ҳақидаги мақоласи билан боғлиқ бўлиши мумкин. «Кремл бу ҳақида ҳақиқий гаплар айтилишини хоҳламайди», деб тахмин қилган Америка газетаси таҳририяти.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 31 март куни WSJ таҳририятининг россиялик барча журналистларни АҚШдан чиқариб юбориш чақириғига муносабат билдирар экан, бундай талаблар «бемаънилик» ва «нотўғри нарса» эканини айтди.
Песковнинг сўзларига кўра, Россияда амалдаги аккредитацияга эга бўлган барча хорижий журналистлар «ҳеч қандай чекловларга дуч келмаяпти ва яхши шароитда ишлаяпти». Бироқ, Гершковичнинг ишида, «гап журналист сифатидаги махфий фаолият, моҳиятан жосуслик фаолияти ҳақида бормоқда», дея қўшимча қилди у.
WSJ мухбирининг Екатеринбургда қўлга олингани 30 март куни маълум бўлди. Ўша куни кечқурун Эван Гершкович «жосуслик» иши бўйича Москванинг Лефортово суди қарори билан 29 майгача ҳибсга олинган. Гершкович совуқ уруш тугаганидан кейин Россияда жосусликда айбланиб, ҳибсга олинган биринчи хорижлик мухбир бўлди.
Федерал хавфсизлик хизмати («ФСБ») мухбир «Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналаридан бирининг фаолияти тўғрисида давлат сирини ташкил этувчи маълумотларни тўплагани»ни даъво қилган. Россия Жиноят кодексининг «жосуслик» моддаси 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони назарда тутади.
Мавзуга оид
23:20 / 13.11.2024
Полшада АҚШнинг ракетага қарши мудофаа базаси очилди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
22:14 / 13.11.2024
Трамп лавозим тақсимламоқда: Пентагон журналистга, Маскка янги департамент
15:44 / 13.11.2024