Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ҳаммани оёқ учида кўрсатади» — ходимлари Тошкент вилояти прокуроридан норози
Kun.uz таҳририятига келиб тушган мурожаатга кўра, тайинланганига 6 ой бўлган Тошкент вилояти прокурори Шавкатжон Раҳимов кўплаб ходимларни ишдан бўшатган, мажбуран пенсияга чиқарган ёки қуйи лавозимга туширган. Бўшаган ўринлардан бирига тайинланган ходим эса унинг қудаси экани айтилмоқда.
Тошкент вилоят прокуратурасининг бир неча ходими Kun.uz’га мурожаат қилиб, вилоят прокурори Шавкатжон Раҳимов вилоят прокуратураси маҳкамаси ва туман-шаҳар прокуратураларидаги муҳитни оғир аҳволга келтириб қўйгани ҳақида хабар берди.
Мурожаатда айтилишича, Шавкатжон Раҳимов янги лавозимда иш бошлагач, кўплаб ходимларни ишдан бўшатган, мажбуран пенсияга чиқариб юборган ёки интизомий жазога тортган. Бўлим бошлиқларини эса қуйи лавозимларга ўтказган.
Жумладан, Иқтисодий соҳада қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими бошлиғи, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши қарши курашиш бўлими бошлиғи, Мурожаатлар билан ишлаш бўлими бошлиғи, вилоят прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси лавозимидан олиниб, қуйи лавозимларга туширилган. Молия-хўжалик бўлими бошлиғи эса ишдан бўшатилган.
Бундан ташқари, вилоят прокурори ўтган даврдаги фаолияти давомида 20 нафарга яқин ходимларни интизомий жазога тортган, 10 нафарга яқин ёш ходимларни вилоят прокуратурасидан қуйи прокуратураларга туширган. 3 нафар ходим тизимдан бўшатилиб, 5 нафарга яқини мажбуран пенсияга чиқарилган.
«Ходимларга ҳар чоракда берилиши мажбурий бўлган мукофот пуллари 40 нафардан ортиқ ходимга яхши ишламаганлик важи билан берилмади. Бу қонунчиликка зид ҳаракат. “Бермайман, қаерга борса борсин”, дея оёқ тираб олди. Қолган ходимларга эса мукофот пуллари берилди.
Вилоят прокуратурасида муҳит умуман яхши эмас. Ҳеч кимни менсимайди, ҳаммани оёқ учи билан кўрсатади. Нафақат ходимлар, балки бошқа ташкилот раҳбарларига, ҳатто ҳокимларга ҳам тазйиқлар ўтказиб, ҳақорат қиляпти», — дейилади мурожаатда.
Мурожаатда Шавкатжон Раҳимов айрим бўшаган лавозимларга ўз танишларини жойлаштиргани, масалан, Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган шахс унинг қудаси экани айтилади.
Kun.uz ушбу ҳолат юзасидан вилоят прокурорининг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўйича катта ёрдамчиси матбуот котиби лавозимида ишлаб келган Арслон Тошпўлатов билан боғланди. У мазкур лавозимдан кетганини тасдиқлаб, юқорида айтилган важлар бўйича аниқ маълумот беролмаслиги, аммо қандай чора кўрилган бўлса барчаси қонун доирасида амалга оширилгани, батафсил тафсилотларни Бош прокуратурадан олиш мақсадга мувофиқ эканини билдирди.
Маълумот учун, Шавкатжон Раҳимов 2022 йилнинг сентябр ойи охирида Тошкент вилояти прокурори лавозимига тайинланганди. Бунгача у Ўзбекистон бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаган.
Мавзуга оид
08:45
Тошкент ва Самарқандда қарийб 6 кг наркотик модда мусодара қилинди
09:05 / 12.06.2026
120 минг долларлик қалбаки пулни сотишга уринганлар қўлга олинди
10:30 / 10.06.2026
Тошкент – водий йўлининг бир қисмида максимал тезлик пасайтирилди
09:00 / 10.06.2026