Ўзбекистон | 18:08 / 03.04.2023
32165
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликлар бойкот қилган «Жара» фестивали қолдирилди   

Iticket.uz сайти концертга чипталар сотувини тўхтатган. Фестивалнинг расмий Instagram саҳифаси ўчириб юборилган. 

Фото: Afisha.uz

20-21 май кунлари Тошкентнинг «Янги Ўзбекистон» боғида ўтказилиши режалаштирилган «Жара» мусиқий фестивали қолдирилди

Iticket.uz берган рус тилидаги баёнотда фестивал қолдирилиши «дунёдаги ҳозирги вазият» билан боғлиқлиги айтилган, лекин айнан қайси вазиятлиги аниқлаштирилмаган.

«Тошкентда 20-21 май куни режаланган «Жара» фестивали кўчирилади. Афсуски, айни вақтда дунёдаги вазиятни ҳисобга олиб, катта мусиқий тадбирларни ўтказиб бўлмайди.

Биз артистларимизни севадиган ва уларни кутаётган ушбу лойиҳанинг барча мухлисларига миннатдорчилик билдирамиз.

«Жара» фестивали – бу серқуёш, мусиқа ва дўстлик байрами, бу лойиҳа мамлакатлар ва авлодларни бирлаштиради, бу ёрқин таассуротлар ва ҳаёт рамзи. Қандай вазият бўлмасин, @zharafest доим шундай қолади», дейилган баёнотда.

Шу вақтга қадар сотиб олинган чипталар @iticketuzb телеграм-аккаунти орқали қайтарилиши қўшимча қилинган.

3 апрел куни iticket.uz'да концертга чипталар сотуви тўхтатилди. «Жара» фестивалининг Instagram'даги саҳифаси ўчирилди.

Маълумот учун, россиялик қўшиқчилар иштирокида Тошкентда «Жара» фестивали ўтказилиши эълон қилингач, ўзбекистонликлар виртуал норозиликлар билдирди.

Бунга сабаб – фестивал иштирокчиси бўлган бир қатор қўшиқчилар Россиянинг Украина ҳудудларини босиб олишини очиқ қўллаб-қувватлаган. Фестивал асосчиларидан бири, Ғарб санкциялари остидаги Григорий Лепс доимий равишда Путин иштирокидаги Z-шоуларда қатнашиб келади, у Донбассда концерт ҳам берган.

Эътиборли томони, фаоллар фестивал ўтказилишига қарши бошланган кампаниядан кейин хам бирор давлат ташкилоти бу концерт бўйича изоҳ бермади.

«Жара» фестивали 9-12 март кунлари Қозоғистонда ўтказилиши кутилганди. Аммо ижтимоий тармоқлардаги фаол норозиликлар ортидан Олмаотадаги концерт номаълум муддатга қолдирилганди.

Айтиш керакки, уруш бошланганидан кейин «Жара» фестивалини ўтказиш қийин бўлиб қолган. Санкциялар туфайли Европага киролмаган россиялик хонандалар норозиликлар туфайли нафақат Қозоғистондаги, балки ўтган йили Озарбойжондаги концертни ҳам ортга суришга мажбур бўлганди.   

Ўзбекистонлик фаоллар, айниқса ёшлар Россия пропагандасига қарши бошлаган кампаниясида #StopKremlinPropaganda ва #StopRussianPropaganda ҳештегларини оммалаштирди.   

«Жара»нинг Қозоғистондаги концерти ташкилотчиларнинг ўз ташаббуслари билан бекор қилингани айтилганди. Тошкентда ўтказилиши керак бўлган фестивалнинг қолдирилиши ҳақидаги хабарда эса фаолларнинг норозилиги ҳақида эслаб ўтилмади.

Мавзуга оид